×

Yangiliklar

ТУРИН ПОЛИТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

Жорий йилнинг 1 июнь куни BMB Trade Group ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда BMB Trade Group компанияси тижорат директори Мирғулом Усманов, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Шоҳрух Зиёмухамедов ва Турин политехника университети ректори Жамшид Иноятхўжаев иштирок этди.

Таъкидланганидек, компаниямиз Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва италиялик ишбилармонлар билан самарали алоқалар олиб бормоқда, шу асосда қатор лойиҳалар амалга ошириб келиняпти.

Бугунги кунда Италиянинг OPERA SRL компанияси билан ҳамкорликда “BMB Zaʼfaron” бренди остида заъфарон маҳсулотлари ички ва ташқи бозорга етказиб берилаётгани, шу бўйича ишлар кўлами кенгайтириб борилаётгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Турин политехника университети билан ўзаро академик ва амалий кооперациянинг йўлга қўйилиши эса бу борада ташланган навбатдаги қадам ҳисобланади.

Учрашув давомида ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси, қишлоқ хўжалиги тармоқлари учун замонавий ғоялар ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, компания корхоналарида талабалар амалиёт ўташлари учун шароитлар яратиб бериш, футболни тарғиб қилиш ва оммалаштириш шулар жумласидандир

Ректор Ж.Иноятхўжаев талабаларнинг амалиёт ўташлари учун компания томонидан барча имкониятлар яратиб берилиши, мутахассисларнинг бириктирилиши муносабати билан BMB Trade Group раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди.

У Турин политехника университети ва BMB Trade Group компанияси ўртасида яна бир муҳим ўхшашлик бор эканлигини эътироф этди.

Гап шундаки, компаниямиз Жиззахнинг «Сўғдиёна» футбол жамоаси титул ҳомийси бўлса, университет «Ювентус»(Италия) клубининг Ўзбекистондаги франшизасини юритади. Хусусан, мазкур олий таълим муассасаси кампуси базасида "Ювентус академияси"ни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Якунда ўзаро ҳамкорликни келгусида фаоллаштириш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилиб, бу каби мулоқотларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди.