×

Yangiliklar

ЎЗБЕКИСТОН — ФРАНЦИЯ БИЗНЕС ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Бугун, 10 май куни, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Франция ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши бошланди.

Унда ҳар икки давлатдан тегишли вазирликлар ва идоралар, йирик компаниялар, молия муассасалари вакиллари, ишбилармонлар, экспертлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Тадбир давомида давлат-хусусий шериклик ва хусусийлаштириш, туризм, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, транспорт ва қурилиш, шаҳарсозлик, энергетика, банклараро ҳамкорлик, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш каби муҳим соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболли йўналишлари муҳокама қилинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мазкур йирик форум икки мамлакат бизнес соҳаси учун самарали алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, ўзаро тажриба ва ғоялар алмашиш, пандемия шароитида рўй бераётган янги тенденцияларга мослашиш бўйича ташаббусларни илгари суришнинг конструктив майдонига айланди.

Форум доирасида BMB Trade Group компанияси тижорат директори Мирғулом Усмонов ҳамда Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Шоҳрух Зиёмухамедов туризм ва қишлоқ хўжалиги сектори сессияларида бевосита иштирок этди.

Вакилларимиз Франциянинг Adepta компанияси президенти Франсуа Бургауд, Aerophile компанияси президенти Жером Лякомони, Poma компанияси тижорат директори Седрик Жендрон, Medef International компанияси лойиҳа раҳбари Бертранд Пельтиер билан бу борадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича учрашувлар ҳам ўтказди.

Ўзаро мулоқотлар давомида сайёҳлик ва аграр соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистонда шу бўйича инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

BMB Trade Group томонидан тегишли вазирликлар кўмагида ҳамда француз компаниялари билан ҳамкорликда юртимизда ҳаво шарларида саёҳатни йўлга қўйиш, тоғ чанғиси туризмини ривожлантириш, узумчилик плантацияларини ташкил этиб, агротуризмни оммалаштириш, икки давлат бизнес доиралари ўртасида музокаралар кўпригини йўлга қўйиш лойиҳаларини амалга ошириш шулар жумласидандир.

Якунда икки томон вакиллари томонидан шулар бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда келишувларга эришилди.

Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши эртага, 11 май куни ҳам ўз ишини давом эттиради.

Бизнинг ижтимоий тармоқларда кузатинг:

Веб-сайт - http://bmb-tg.uz

Telegram канал - http://t.me/bmbtg

Instagram - https://instagram.com/bmbtradegroupllc

LinkedIn - https://linkedin.com/company/bmbtradegroup

В Контакте - https://vk.com/bmbtradegroupllc

Youtube https://www.youtube.com/channel/UCCnd7GpAzoPqx_O_wOII4d