×

Yangiliklar

ЎЗБЕКИСТОН ТУРИЗМ БРЕНДИ ҲАҚИДАГИ ЛАВҲАНИ ҚАРИЙБ 13 МЛН. КИШИ ТОМОША ҚИЛДИ

Индонезиянинг Clickpicts Indonesia Ltd компанияси Ўзбекистон туризм брендини ўз мамлакатида илгари сураётгани ҳақида хабар берган эдик. Шу мақсадда компания вакиллари диёримизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз каби кўҳна шаҳарларига ташриф буюришиб, тасвирга тушириш ишларини олиб бордилар. Шу аснода ушбу ҳудудлардаги қатор тарихий қадамжолар, муқаддас зиёратгоҳлар, бебаҳо осори-атиқалар ҳақида тарғибот материаллари тайёрланди.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, мазкур лойиҳа BMB Trade Group компанияси билан ҳамкорликда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда юртимизнинг Индонезиядаги элчихонаси кўмагида амалга оширилмоқда

Clickpicts Indonesia Ltd томонидан яратилган жозибали видеоматериаллар ва сермазмун мақолалар Индонезияда юқори рейтингга эга телеканаллар, интернет контентлари ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилмоқда. Шу орқали маҳаллий аудиторияга Ўзбекистоннинг бетакрор сайёҳлик дурдоналари, туризм бренди атрофлича тақдим этиляпти.

Яқинда ана шундай лавҳалардан бири Индонезия телевидениесининг етакчи телеканалларидан бири — TVRI Nasional'да батафсил ёритилди. Шу орқали маҳаллий мухлислар диёримизнинг бебаҳо маданий-маънавий ва маърифий бойликлари билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Бундан баҳраманд бўлган телетомошабинлар сони қарийб 13 млн.га етгани ҳам фикримизнинг тасдиғидир.

Компаниямиз Ўзбекистон туризм брендини хорижда намойиш этишга қаратилган мазкур жараёнлар узлуксизлигини таъминлашда давом этади.

Мазкур видеолавҳани қуйидаги боғлама орқали кўришингиз мумкин: https://youtu.be/hX9AjGB5DsY