×

Yangiliklar

ЎЗБЕКИСТОННИНГ КЎҲНА ШАҲАРЛАРИ ЖОЗИБАСИ ИНДОНЕЗИЯДА ТАРҒИБ ҚИЛИНМОҚДА

Хабар берганимиздек, Индонезиянинг Clickpicts Indonesia Ltd компанияси Ўзбекистон туризм брендини ўз мамлакатида илгари суриб келмоқда. Шу мақсадда компания вакиллари диёримизнинг қатор тарихий ҳудудларига бориб бевосита тарғибот материаллари тайёрламоқда.

Мазкур лойиҳа BMB Trade Group компанияси билан ҳамкорликда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда юртимизнинг Индонезиядаги элчихонаси кўмагида амалга оширилмоқда.

Clickpicts Indonesia Ltd вакиллари сафар давомида Термиз шаҳрининг кўҳна жойлари ва муқаддас қадамжоларига ҳам ташриф буюришди.

Индонезиялик меҳмонларнинг эътироф этишича, Термиз Ўзбекистоннинг энг иссиқ маскани ҳисобланади ва бу ер асрлар давомида Яқин Шарққа исломни ёйиш маркази бўлиб келган. Улар мазкур шаҳар ҳадис ва фикҳ илмининг билимдони Имом Ат-Термизий таваллуд топган жой эканлигига ҳам алоҳида урғу беришган.

Умуман олганда, Clickpicts Indonesia Ltd томонидан Ўзбекистон туризм брендини тарғиб қилишга бағишлаб тақдим этилаётган видеомаҳсулотлар ва мақолалар индонезиялик сайёҳларнинг юртимизга бўлган қизиқишларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Зеро, ушбу компания визуал кўринишдаги жозибали дурдоналар яратишга йўналтирилган Индонезиядаги илк ижодий санъат платформаси ҳисобланади. У бу борада чет эллик ташкилотлар билан ҳам самарали фаолият олиб бориш орқали глобал туризм майдонида ўз номига эга бренд саналади.

BMB Trade Group мазкур йўналишда нафақат Индонезия, балки бошқа мамлакатлар компаниялар билан истиқболли алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, янги лойиҳаларни рўёбга чиқаришни мақсад қилган.