×

Yangiliklar

МАМЛАКАТИМИЗНИНГ ЛАТВИЯДАГИ ЭЛЧИХОНАСИ ТАШАББУСИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН САВДО УЙИНИ ОЧИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Жорий йилнинг 29 апрель куни BMB Trade Group ва OutdoorMedia (Латвия) компаниялари вакиллари ўртасида B2B форматида учрашув бўлиб ўтди.

Видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилган мулоқотда Ўзбекистон Республикасининг Латвия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Қадамбой Султонов, BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов, OutdoorMedia компанияси раҳбари В.Галперин ва бошқалар иштирок этди.

Музокаралар давомида ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари, хусусан, Латвияда Ўзбекистон Савдо уйини очиш масаласи муҳокама қилинди.

Учрашувда сўзга чиққанлар яқин истиқболда Савдо уйи фаолиятининг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, жумладан, BMB Trade Group компанияси экспорт салоҳиятини ошириш, Европанинг янги бозорларига кириб бориш, логистика географиясини кенгайтиришда “тижорат хаби” сифатида хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Мулоқот давомида шу бўйича тегишли таклифлар ва тавсиялар билдирилди.

Якунда томонлар ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича "йўл хариталари"ни тасдиқлаб, Савдо уйини ташкил қилиш ишларини жадаллаштириш йўлида доимий мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.