×

Yangiliklar

ТУРКИЯНИНГ ОРГАНИК ЎҒИТЛАРИ ИСТИҚБОЛДА ЎЗБЕКИСТОНДА ЕТИШТИРИЛАЁТГАН ОРГАНИК ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИ ҲАЖМИНИ КЕНГАЙТИРАДИ

Пандемия шароитида мамлакатимиз иқтисодиётинининг барқарорлиги ҳамда валюта захираларини ўсишининг муҳим шартларидан бири маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда ташқи бозорларга экспорт қилиш ҳисобланади.
Бугунда дунё бозорларида органик мева-сабзавот маҳсулотлари юқори талабга эга. Уларни етиштиришда замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш ҳамда юқори сифатга эга бўлган биоорганик ўғитларни қўллаш муҳим ўрин тутади.
Жорий йилнинг 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳамда ADAGA FOOD AND CONSULTING Cо. (Туркия Республикаси) раҳбари Зеки Юсуфоглу (Zeki Yusufoğlu) ўртасида мамлакатимизда биоорганик ўғитларни қўллаш истиқболлари борасидаги музокара бўлиб ўтди.
Эртаси куни Туркия делегацияси Жиззах вилоятининг Aрнасой туманида жойлашган BMB Agro Trade шўъба корхонасида бўлиб, унинг фаолияти билан танишди.
Мулоқотнинг мантиқий якуни сифатида жорий йилнинг 15 январь куни томонлар ўртасида қўшма фаолият ҳақидаги келишув имзоланди. Унга кўра, Жиззах вилоятида илк бор Туркиядан олиб кирилган биоорганик ўғитлар самарасини текшириш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш тажриба майдонлари ташкил қилинади.
Туркиянинг ADAGA Food and Consulting Co. компанияси 2011 йилда ташкил қилинган ва унинг асосий мақсади хитозан асосида биоорганик ўғитларни ишлаб чиқарилишини ривожлантиришдан иборат. Компанияда юқори малакали муҳандис, кимёгар ва агрономлар фаолият олиб боришади. ADAGA Food and Consulting Co. истиқболда ишлаб чиқарилган биоорганик маҳсулотларини Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларига етказиб беришни режалаштирмоқда.
Ўз навбатида, BMB Trade Group компанияси Ўзбекистон бозорида хорижий сармоялар иштирокидаги инвестицион лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш ҳамда хорижий компанияларга консалтинг хизмати кўрсатиш билан кенг танилган.
Келишувга кўра, Туркиялик инвестор томонидан биоорганик ўғитларнинг тажриба партиясини ажратиш, тажриба участкасида юқори малакали агроном мутахассислар фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда лаборатория тадқиқотларини ўтказиш ишларини молиялаштиришдан иборат.
Хорижий мамлакатларга экспорт қилиш мақсадида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тажриба намуналари халқаро стандартларга мувофиқлиги лаборатория таҳлиллари ўтказилиб, уларга тегишли сифат сертификатлари расмийлаштирилади.
Текширув натижалари асосида томонлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Туркияда ишлаб чиқарилган биоорганик ўғитларни қўллаш борасида тўпланган ижобий тажрибалари билан мамлакатимизда амалий семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.