×

Yangiliklar

ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИДА ИТАЛИЯ МИЛЛИЙ ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИНИНГ ФИЛИАЛИ ОЧИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

2020 йил 9 ноябрь куни BMB Trade Group ва Италиянинг Миллий тадқиқот кенгаши (CNR) ўртасида онлайн музокаралар бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси кўмагида ташкил қилинди. 

Суҳбат аввалида мамлакатимизнинг Италиядаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси О.Aкбаров Ўзбекистон-Италия муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, илмий соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида фикр билдирди.

Учрашув давомида Италиянинг CNR тадқиқот марказининг озиқ-овқат ва ўсимликларни барқарор муҳофаза қилиш кафедраси мудири, профессор Mauro Centritto ва BMB Trade Group Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Ўзбекистонда мазкур тадқиқот марказининг филиалини ҳамда Тошкент давлат аграр университети Жиззах филиали билан ҳамкорликда Италия аграр университети факультетини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
 
Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, CNR тадқиқотчилар сони бўйича Италиядаги биринчи тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Марказ 7 та бўлим ва 102 та институутдан иборат бўлиб, ходимларининг умумий чекланган сони 8400 нафардан кўпроқни ташкил этади. Бундан ташқари, марказ Италия ва бошқа давлатларда 330 дан ортиқ иккинчи даражали офис ва лабораторияларига, шу жумладан, Aрктика ва Aнтарктидадаги илмий базаларига ҳам эга.

Учрашув якунлари бўйича томонлар бундан буён ҳам икки томонлама ҳамкорликни  мустаҳкамлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга, шунингдек, CNR делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олишди.