×

Yangiliklar

ЯНГИ ТЕХНИКА - ЯНГИ КУЧ ВА ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

BMB AGRO TRADE шўъба корхонаси 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, Жиззах вилоятининг Арнасой туманида 1200 гектар ер майдонида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланади.

Корхонада доимий асосда иш фаолияти билан шуғулланувчилар сони 75 нафарни, мавсумий асосда ишловчилар сони 200 нафардан зиёдни ташкил этади. Бу эса пандемия шароитида аҳоли учун қўшимча даромад манбаидир.

BMB AGRO TRADE жамоаси ўзларига юклатилган масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, корхона томонидан экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури ва географияси ҳам изчил кенгайиб бормоқда.

“Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур” деган мақол бор. Бу бежизга эмас.  Дарҳақиқат,  агротехник тадбирларнинг  ўз вақтида, сифатли бажарилишида қишлоқ хўжалиги техникаларинг ўрни беқиёс. Шу боисдан ҳам корхона тасарруфидаги ер майдонларида энг сўнгги русумдаги  қишлоқ хўжалик техникалари туну кун ишламоқда. Улар агротехник ишларни амалга ошириш билан бирга иқтисодий самарадорликка ҳам эга.

Шу кунларда "Агробанк" АТБ бевосита кўмаги билан BMB AGRO TRADE корхонаси техник-таъминот базасини янада бойитиш мақсадида қиймати 1,5 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалик техникалари сотиб олинди.

Яна шуни қайд этиш жоизки, бугунги кунда компания томонидан балиқчиликни ривожлантириш ҳамда 1200 бошдан зиёд наслли қорамол парваришлаш бўйича лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Шунингдек, дуккакли ва доривор ўсимликларни етиштириш, саралаш ва қадоқлаш цехини қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Агробанк” АТБ билан йўлга қўйилган ҳамкорлик самараси ўлароқ, BMB AGRO TRADE республикамиздаги етакчи корхоналардан бирига айланиб, фаолият йўналиши ва кўлами тобора кенгайиб бормоқда.