×

Yangiliklar

ИКТИСОДИЙ ДИПЛОМАТИЯ: ЎЗБЕКИСТОН ВА СИНГАПУР ТАДБИРКОРЛАРИ ҚЎШМА ЛОЙИҲАЛАР УСТИДАН ИШЛАШМОҚДА

Маълумки, пандемия даврида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан тадбиркорларимизга экспорт ва инвестициявий лойихаларни амалга оширишда қатор амалий кўмак чора тадбирлари қўлланмоқда.

Жорий йилнинг 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Сингапурдаги Элчихонаси кўмагида BMB Trade Group ва NOROO Holdings Singapore Pte.Ltd компаниялари ўртасида онлайн-мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида мамлакатимизнинг Сингапурдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Қ.Шокиров икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш имкониятлари, экспорт-импорт айланмаларида оммалашган рақобатбардош маҳсулотлар ва бошқа аҳамиятга лойиқ шароитлар хусусида фикр билдирди.

Ўз навбатида BMB Trade Group компанияси Кузатув кенгаши раиси Б.Маматқулов мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит яратилгани, шунингдек янги экспорт ҳамда инвестициявий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга хизмат қилишини эътироф этди.

NOROO Holdings Singapore Pte.Ltd компаниясининг Бош стратеги Yip Hon Mun мамлакатимизда замонавий иссиқхоналар, мева ва сабзавотларни сақлаш учун совуқхоналар қуриш, шунингдек, ишлаб чиқариш ва ахборот технологиялари бўйича ҳамкорлик лойиҳаларини жорий этишдан манфаатдор эканлигини таъкидлаб ўтди.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган музокара якунида компаниялар яқин келажакда истиқболли лойиҳалар устида биргаликда ишлашга, шунингдек, ўзаро мулоқотларни тизимли равишда давом эттириш ҳақида келишиб олишди.

Умуман олганда, мамлакатимизнинг Сингапурдаги Элчихонаси томонидан ташкил қилинган музокара икки давлат тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатишга хизмат қилади.