×

Yangiliklar

«ШАНХАЙ-ТОШКЕНТ: ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ ИСТИҚБОЛЛАРИ» - «ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ ИПАК ЙЎЛИ» БИЗНЕС-ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТДИ

Аввал хабар берилганидек, 2020 йил 13 октябрь куни соат 11.00 да мамлакатимизнинг Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси, Савдо-саноат палатаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда ТИВ хузуридаги Таржимонлар бюроси кўмагида Ўзбекистон ва Хитой тижорат тузилмалари вакиллари иштирокида «Шанхай-Тошкент: электрон тижорат истиқболлари - «Электрон тижорат ипак йўли» мавзусида онлайн бизнес-форум бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, мамлакатимизнинг Шанхайдаги Бош Консули А.Масутов, Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари А.Аҳмадхўжаев, Ўзбекистон Республикаси Электрон тижорат уюшмаси раиси М.Аъзамов, BMB Trade Group Кузатув кенгаши раиси Б.Маматқулов, “Zoodmall” компаниясининг глобал ривожлантириш бўйича директори Сардор Муҳаммадалиев, Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлигининг Евроосиё департаменти раиси Ванг Кай, Электрон тижорат Департаменти раиси Джу Лиен, Электрон тижорат халқаро марказининг электрон тижорат ва бизнесни ривожлантириш департаменти раиси ўринбосари Ли Минг Тао ҳамда АЕЕХ компанияси Бошқарув кенгаши раиси Джанг Хонг Пинг иштирок этишди ва нутқ сўзлашди.

Бизнес-форумда, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой жамоат ҳамда тижорат доираларининг 50 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этишди. Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюроси томонидан профессионал даражада кўрсатиладиган таржима хизматларидан ҳам фойдаланилди.

Тадбирда сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар кўлами кенгайиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ва жадал суръатларда ўсиб бораётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, рақамли иқтисодиёт аҳамияти ва бу борадаги мавжуд тўсиқ ва муаммолар ва уларнинг ечими ҳамда электрон савдо майдончаларининг савдо айланамаларини кенгайтиришдаги ўрни ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Анжуманда электрон тижорат соҳасида тажриба алмашинувини ташкил қилиш, маҳаллий маҳсулотлар экспортини ҳамда Хитойдан импорт қилинадиган товарлар кўламини кенгайтириш тизимини рағбатлантириш, электрон савдо майдончаларини амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди.

Бизнес-форумда АЕЕХ ҳамда BMB TRADE GROUP компаниялари ўртасида мамлакатимизда етиштириладиган маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Хитой бозорига экспортини кенгайтириш мақсадида электрон савдо майдончаларини ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олинди.

Тадбир якунида, икки давлат тадбиркорлик субъектлари ўртасида яқин истиқболда Хитойлик компаниялар тажрибасига таянган ҳолда мамлакатимизда электрон савдо майдончаларини кенг татбиқ этиш, шунингдек, замонавий логистик комплекс ва омборхоналарни барпо қилиш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш бўйича янги таклифлар илгари сурилди.

BMB Trade Group Ахборот хизмати