×

Yangiliklar

ЎЗБЕКИСТОН-РОССИЯ ИНВЕСТИЦИЯ ҲАМКОРЛИГИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИГА ЯНГИЧА ҚАРАШ

Жорий йил 17 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Халқаро бизнес-маркази биносида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Россия тадбиркорлари ва давлат тузилмалари вакилларидан иборат бизнес миссия раҳбари сифатида Ўзбекистонда бўлиб турган ВЭБ.РФ Давлат тараққиёти корпорацияси раиси И.Шувалов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги стратегик шериклик юқори босқичда эканлигини таъкидладилар ва турли даражадаги икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш орқали иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантиришга содиқ эканликларини билдирдилар.

Учрашувдан сўнг “Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг асосий йўналишлари ва қўшма лойиҳалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Таъкидлаш лозимки, ВЭБ.РФ кўмаги билан Ўзбекистонда энергетика, металлургия, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 3,5 млярд еврони ташкил этадиган 24 та лойиҳа амалга оширилмоқда ва ишлаб чиқилмоқда.

Улар қаторида Жиззах вилоятида Замонавий агрологистика комплексини барпо қилиш бўйича Россиянинг “Национальная резервная корпорацияси” билан қўшма инвестициявий лойиҳа ҳам муносиб ўрин тутади. 

Шу боис тадбир давомида BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматкулов ҳамда Россия Федерал Йиғилиши Федерал кенгаши раисининг аграр сиёсат ва табиатдан фойдаланиш масалалари бўйича ўринбосари Сергей Лисовский ўртасида музокора бўлиб ўтди.

Учрашув якунига кўра, томонлар 2021 йил 4 чорагида ишга тушурилиши режалаштирилган Агрологистика комплекси лойиҳасини биринчи босқичда амалга ошириш учун ВЭБ.РФ томонидан тегишли маблағлар ажратилганини инобатга олган ҳолда тегишли қурилиш ишларини бошлаш тўғрисида қарор қилдилар.