×

Yangiliklar

ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЙ ДИПЛОМАТИЯСИ: САУДИЯЛИК ИШБИЛАРМОНЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА

14 август куни Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистони Қироллигидаги Элчихонаси томонидан ушбу давлат ишбилармон доира вакиллари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш истагини билдирган BMB Trade Group компанияси билан навбатдаги онлайн-учрашув ташкил қилинди.

Видеоконференция аввалида Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистони Қироллигидаги Фавқулодда ва Муҳтор Элчиси Улугбек Максудов икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлари ривожи, экспорт-импорт борасида ўзига хос жиҳатлар, божхона ва солиқ қонунчилиги ва Саудия бозорларига маҳсулотни олиб киришдаги талаблар борасида атрофлича тўхталиб ўтди.

Ўз навбатида, BMB Trade Group компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов элчихона маъмуриятига Саудия бозорига маҳаллий маҳсулотлар экспортини ривожлантиришга ҳамда мамлакатмиз иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни киритишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди. Шу билан бирга Қиролликдаги ўзбек диаспораси орасидан ишбилармонлар вакиллари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этди.

Томонлар, шунинингдек, компания маҳсулотларини экспорт қилишда ҳамда саудиялик тадбиркорлар билан қўшма инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилишди.

Икки томонлама манфаатли бўлган мулоқот натижасида Саудия Арабистондаги йирик Alqusaier компанияси асосчиси Абдулазиз ал-Кусайр ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва музокаралар ўтказиш ҳақида келишиб олинди.

Хулоса қилиб айтганда, ўтказилган тадбир Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Қироллиги ишбилармон доиралари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишда, иқтисодий дипломатия вазифаларини самарали амалга оширишда дипломатик ваколатхоналар муҳим ўрин тутишини яна бир бор исботлади.