×

Yangiliklar

ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЙ ДИПЛОМАТИЯСИ: МАМЛАКАТИМИЗНИНГ МАЛАЙЗИЯДАГИ ЭЛЧИХОНАСИ ИККИ ДАВЛАТ ИШБИЛАРМОН ДОИРАЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ ЎРНАТИШДА КЎМАКЛАШМОҚДА

2020 йил 11 августда Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги Элчихонаси икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида алоқаларни ривожлантиришга қаратилган фаолияти доирасида BMB Trade Group компанияси билан учрашув ташкил қилди.

Тадбир давомида томонлар Ўзбекистон ва Малайзия давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар жўшқин ривожланиши ҳамда уларни янада кучайтириш кераклиги таъкидлашди.

Видеоконференция бошида компания Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов дипломатик ваколатхона томонидан миллий маҳсулотни Малайзия бозорига экспортини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишда фаол ва натижали ишларни амалга оширилаётганини эътироф этди.

Шунингдек, Б.Маматқулов қисқача компаниянинг фаолияти ҳамда АҚШ, Италия, РФ ва Хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда самарали амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳалари билан таништирди. Шу қаторда компания Малайзиялик ишбилармон доира вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлиги билдирилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги Фавқулодда ва Муҳтор Элчиси Равшан Усманов амалга оширилаётган иқтисодий дипломатия туфайли Малайзия бозорига махаллий маҳсулотларимиз экспортини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистонда инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда кенг имкониятлар яратишга ҳизмат қилиши ҳақида сўз юритди.

Жумладан, Малайзиянинг энг йирик савдо марказларидан бири ҳисобланган «GM Klang Wholesale City»да Ўзбекистон экспортбоп маҳсулотларининг “шоу-руми”ни очиш, Parkson савдо тармоқларига махаллий текстиль маҳсулотлари экспортини ташкил қилиш ҳамда Consumption Union электрон савдо майдонидан самарали фойдаланиш борасидаги таклифларини илгари сурди.

Шу билан биргаликда, компания вакиллари Куала-Лумпурда бўлиб ўтадиган кўргазма-савдо тадбирларида иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, томонлар Малайзиялик «CIMES International» компанияси билан биргаликда “Black Solgier Fly” пашша қуртларини кўпайтириш орқали органик чиқиндиларни утилизацияси натижасида биогумус ишлаб чиқариш бўйича инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини ҳам кўриб чиқдилар.

Маслаҳатлашув учрашуви якунига кўра, юқорида қайд этилган экспорт ва инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда Малайзиялик ҳамкорлар билан истиқболли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Ўтказилган тадбир Ўзбекистон ва Малайзия ишбилармон доира вакиллари ўртасида хамкорлик алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳизмат қилиб, бу борада мамлакатимизнинг Малайзиядаги дипломатик ваколатхонаси томонидан жиддий аҳамиятга молик бўлган ишлар олиб борилаётганидан далолат беради.