×

Yangiliklar

БАХМАЛ ТУМАНИДА ДОРИВОР ЎСИМЛИКЛАР КЛАСТЕРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

 

Аввал ҳабар берганимиздек, муҳтарам юртбошимизнинг 2020 йил 10 апрелдаги ПҚ-4670-сонли “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан 2020 йил 1 майдан доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерларини ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ихтисослаштирилиши белгиланди.

Мазкур қарорга мувофиқ ташкил этиладиган доривор ўсимликлар кластерларига катта имконият ва бир қатор имтиёзлар берилиб, кластерлар томонидан доривор ўсимликлар етиштириш, қайта ишлаш ва экспортни амалга оширишлари учун қулай бизнес муҳити яратилмоқда.

BMB-OPERA ZAFFERANO МЧЖ қўшма корхонаси ҳам ўз фаолиятини доривор ўсимликлар кластери сифатида бошлаб, BMB TRADE GROUP компанияси Италиянинг OPERA SRL компанияси ўзаро ҳамкорлигида, Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳудудида, умумий қиймати 25 млн. евро миқдоридаги заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳасини бошлади.

Бахмал тумани ҳокимлиги томонидан мазкур лойиҳани амалга оширилиши юзасидан Бахмал тумани ҳудудидаги 400 гектар экин майдони туман ҳокимининг 2020 йил 12 майдаги қарори билан кластерга ажратилди.

Ўз навбатида, компания вакиллари жорий йилнинг 15 май куни Бахмал туманида бўлишиб, тумани ҳокими М.Анорбоев билан биргаликда, кластер томонидан жорий йилда заъфарон экиш учун ажратилган ер майдонларини тайёрлаш, ташқи кириш йўлларини қуриш, электр ва сув таъминоти тармоқларини дала ва ишлаб чиқариш майдонларига етказиш, ер участкасини ўраш, лойиҳага мувофиқ дала шароитида бинолар қурилиши юзасидан амалга ошириладиган ишларни белгилаб олинди.

Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда Бахмал тумани раҳбарияти томонидан ушбу ноёб лойиҳани амалга оширишда ҳар томонлама кўмак ва ёрдам кўрсатилмоқда ва бу ўз навбатида ҳудудларда қўшимча янги иш ўринларини яратилишига ва Давлатимиз Раҳбари томонидан доривор ўсимликлар кластерларни тузиш бўйича қўйилган мақсадларни бажарилишига хизмат қилади.

 

Абдурашид Шарафутдинов,

“BMB Trade Group” компанияси

ижрочи директори