×

Yangiliklar

МУТАХАССИСЛАРИМИЗ ФИКРИ. ФАРРУХ МЕЛИЕВ: ҒАЛЛА ЭКИНЛАРИ АГРОТЕХНИК ИШЛАРИНИНГ АҲАМИЯТИ ХУСУСИДА

Коронавирус пандемияси шароитида озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлаш борасида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ишчилари янги куч ва шижоат билан меҳнат қилишлари муҳим аҳамият касб этади.

Айни вақтда, “BMB AGRO TRADE” МЧЖ ходимлари ва мутахассислари томонидан жаъми 400 га ер майдонида ғалла экини парваришлашмоқда.

Ташкилот мутаҳассисларининг фикрига кўра, 2019 йил қиш мавсумининг бироз илиқ, нисбатан кам ёғингарчилик келиши билан аксарият майдонларда кузги ғалла ривожига салбий таъсир кўрсатди.

Бу билан биргаликда, баҳор ойлари ёғингарчилик кўп бўлганлиги сабабли ер майдонларда бегона ўтлар ҳаддан ташқари кўпайиши ҳамда турли касаллик ва зараркунандаларнинг тарқалиши ва кучайиши кузатилди.

Шу туфайли компания мутаҳассислари томонидан бундай майдонларга баҳорги озиқлантиришдан ташқари, қўшимча равишда баргдан озиқлантириш ишловлари берилди. Бунда суспензия билан ишлов бериш билан бирга, унинг таркибида микроэлементлар ҳамда гумин кислоталари бўлган биопрепаратлар қўлланилди.

Ўтказилган агротехник тадбирлар ғалла ўсимликларининг ўсиб-ривожланиши жадаллашида ўз ижобий таъсирини кўрсатди.

Ушбу ғалла майдонларида энг муҳим тадбирлардан яна бири азотли ўғитлар билан озиқлантириш ҳисобланади.

Буғдойнинг найчалаш даврида азотли ўғитларга аммиакли селитра ҳисобида 300–320 кг/га миқдорида берилади.

Ғалла майдонларида тарқалган бегона ўтлар ва турли касаллик ҳамда зараркунанда ҳашаротларга уйғунлашган усулда қарши курашиш чоралари муҳим аҳамиятга эга. Бегона ўтлар кучли тарқалган ғалла майдонларида март ойидан бошлаб гербицидлар ёрдамида бегона ўтларга қарши дастлабки ишлов берилди, зарарли хасва ҳашоратларига қарши профилактика ишловлари ўтказилмоқда.

Шу боис бегона ўтларга қарши курашишда самарали ҳисоблаган “Гранстар ДФ”, “Гранстар Плюс”, каби гербицидларидан фойдаланилмоқда.

Ғалла майдонларида занг, септариоз, ун шудринг, фузариоз тарқалишининг олдини олиш ёки улар тарқалиш хавфи бўлган майдонларга “Алтис Премьер” эритмалар белгиланган меъёрларда ишловлар берилмоқда.

Зарарли хасва ҳашаротларга қарши ишлов беришда “Далатэ” ва бошқа шу каби препаратлар қўлланилмоқда.

Юқоридаги таъкидланган агротехник тадбирлар компания ҳосилотлари томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Албатта, энг аввало бошоқли дон етиштиришда ушбу агротехник чора-тадбирларнинг барчаси ўз муддатларида сифатли бажарилиши мавжуд ғалла майдонларидан мўл ҳосил олинишини таъминлайди.

 

Фаррух Мелиев,

“BMB TRADE GROUP” компанияси

ахборот-тахлил бўлими бошлиғи