×

Yangiliklar

ЎЗБЕКИСТОН МЕВА-САБЗАВОТ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ПРИМОРЬЕ ЎЛКАСИГА ЭКСПОРТИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ БЎЙИЧА МУЗОКАРАЛАР БЎЛИБ ЎТДИ

2020 йил 6 март куни BMB Trade Group компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов томонидан Россиянинг Приморъе ўлкаси Ҳукумати раиси ўринбосари Костантин Шестаков бошчилигидаги делегацияни қабул қилинди. Делегация таркибида Приморъе ўлкасининг йирик савдо тармоқлари ва улгуржи савдо билан шуғулланувчи компаниялари раҳбарлари ҳам ташриф буюрди.

Мулоқот бошида “BMB Trade Group” компанияси Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, меҳмонларни компания фаолияти ва ҳозирги кунда амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар ҳақида қисқача таништириб ўтди.

Музокара давомида Ташқи алоқалар ва экспортни ривожлантириш масалалари бўйича компания Кузатув Кенгаши раиси маслаҳатчиси Жамолиддин Хакимов мамлакатимизнинг хўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича экспорт салоҳияти билан яқиндан таништирди. Шу билан бирга, юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини Приморъе ўлкасига экспортини йўлга қўйиш бўйича музокара олиб борилди.

Шундан сўнг, Приморъе ўлкаси Ҳукумати раиси ўринбосари Костантин Шестаков Ўзбекистон заминида етиштирилган мева-сабзавотлар ўзининг ажойиб таъми, юқори сифати билан ажралиб туриши ва Приморъе ўлкасида Ўзбекистон маҳсулотлари ярмаркаларини ташкил этиш мижозларга ана шундай ноз-неъматларни тўғридан-тўғри харид қилиш имкониятини яратишдан ташқари ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши ҳақида таъкидлаб ўтди.

Учрашув якунида BMB Trade Group компанияси ва Приморъе ўлкаси Ҳукумати ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, хўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш борасида келишувларга эришилди.