×

Yangiliklar

ИТАЛИЯ ДЕЛЕГАЦИЯСИ АЪЗОЛАРИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ Ж. ХОДЖАЕВ БИЛАН УЧРАШУВИ

 

Жорий йилнинг 28 февралида OPERA SRL компанияси Паоло Де Анжелис бошчилигидаги делегация аъзолари ҳамда  BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши раиси Б.Маматқулов бошчилигидаги компания вакилларини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев қабул қилди.

Мазкур қабулда Паоло Де Анжелис заъфарон етиштириш ҳамда қайта ишлаш лойиҳасини тақдимотини ўтказди. Лойиҳани амалга ошириш орқали заъфарон ўсиши учун қулай ҳудудларда махсус плантациялар ташкил этиш ҳамда қайта ишлашни самарали ташкил этишни таъминлаш, юқори қўшилган қийматга эга бўлган экспортбоп маҳсулот ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, ушбу соҳада илмий-инновацион лаборатория ташкил этилиши, Италиянинг янги технологияларини жалб этиш ҳамда тайёр махсулотни Италия ва у орқали Европанинг бошқа мамлакатларига экспортини амалга ошириш имкониятлари жуда юқори эканлигини таъкидлади. Лойиҳа доирасида Италиядан ташриф буюрадиган соҳанинг етук агроном ва технологлари мазкур соҳа учун маҳаллий кадрларга ўқитиш ва ўргатиш ишларини таъминлайди.

Ўз навбатида BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши раиси Б.Маматқулов заъфарон плантацияларини яратиш учун тупроқ-иқлим шароитлари тўлиқ мос келувчи Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳудудидан 400 гектар ер ажратилганлиги, лойиҳани амалга оширувчи BMB-OPERA ZAFFERANO Ўзбекистон-Италия Қўшма корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилганлигини билдириб ўтди. Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш янги иш ўринларини яратади. Ташкил этиладиган замонавий илмий-инновацион лабораторияда заъфарондан ташқари, бошқа қишлоқ хўжалиги махсулотларини жаҳон стандартларига мос сертификатлашни амалга оширилиши юртимизнинг экспорт салоҳияти ва географиясини янада кенгайтиришини таъкидлаб ўтди. Лойиҳани амалга оширишда Италиянинг Виченза Университети билан яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев меҳмонларни қутлаб мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилганини тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтди. Вазир лойиҳани амалга ошириш жараёнида тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлаб, Италиянинг замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи компаниялари техникаларидан иборат заъфарон плантацияси ва бошқа фермерларга хизмат кўрсатувчи Машина трактор паркини яратиш юзасидан таклифни илгари сурди.

Шунингдек, Ж.Ходжаев ташаббуси билан томонлар италиялик инвестор иштирокида Жиззах ва республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам турли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилишди. Ўз навбатида Паоло Де Анжелис италиянинг энг янги технологияларидан фойдаланган ҳолда экологик тоза қишлоқ хўжалик маҳсулотларни етиштиришда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув якунида фахрий консул Паоло Де Анжелис ва Бекзод Маматқуловлар вазир Ж.Ходжаевга самимий ва дўстона қабул учун миннатдорчилик билдириб, заъфарон ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича қўшма лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилишига ишонч билдиришди.