×

Yangiliklar

ЗАЪФАРОН ЕТИШТИРИШ БЎЙИЧА “BMB-OPERA ZAFFERANO” ЎЗБЕКИСТОН-ИТАЛИЯ ҚЎШМА КОРХОНАСИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИЛДИ

Маълумки, OPERA SRL компанияси Президенти Паоло Де Анжелис бошчилигидаги делегация Жиззах вилояти Бахмал туманида заъфарон етиштириш лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокамаси учун ташриф буюрган эди.
Мазкур делегациянинг Жиззах вилоятига ташрифининг иккинчи куни атоқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидов ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди.
Шундан сўнг, Жиззахнинг диққатга сазовор жойларидан бири - Шароф Рашидов ёдгорлик музейига ташриф буюрдилар. Бу музейда меҳмонлар Шароф Рашидовнинг болалик йиллари, ҳаёти ва ижодига оид экспонатлар билан танишдилар.
Мажмуа билан танишиш якунида меҳмонлар Шароф Рашидов мемориал музейининг Фахрий меҳмонлари китобига ўз фикрларини ёзиб қолдиришди.
Ташриф дастури бўйича Бахмал тумани ҳокимлиги биносида Италия делегацияси ҳамда BMB TRADE GROUP компанияси вакилларининг туман ҳокими М.Т. Анорбоев билан учрашуви бўлиб ўтди.
М.Т. Анорбоев меҳмонларни Бахмал туманида қутлар экан бетакрор ва сўлим табиати билан Швейцарияга тенглаштириладиган туманнинг табиати, сўлим гўшалари, иқтисодиёти, ижтимоий ҳаёти ва қишлоқ хўжалиги хусусида сўзлаб берди. Туман ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳа туман иқтисодиётида катта ўзгаришларга олиб келиб, янги технологиялар асосида замонавий корхонанинг ишга тушириши асносида қўшимча иш ўринлари яратилиши орқали туман аҳолисининг бандлиги таъминланиши, бу эса ўз навбатида туманнинг туризм жозибаси ошишига туртки бўлишини таъкидлади. Туман хокими амалга ошириладиган лойиҳани ҳар томонлама тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Шундан сўнг сўз олган Паоло Де Анжелис Бахмал туманида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳа юзасидан батафсил маълумот бериб ўтди. Жумладан, лойиҳа доирасида замонавий лаборатория ускуналари Италиядан келтирилишини, лабораторияда нафақат заъфаронга, балки бошқа қишлоқ хўжалиги махсулотларига жаҳон стандартларига мос сертификатлар тақдим этилиши, янги доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилиши хусусида тўхталиб ўтди. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг Ўзбекистон дунёда заъфарон етиштирувчи давлатлар ичида юқори ўринларни эгаллашини таъкидлади. Жаноб Паоло Де Анжелис илиқ ва самимий қабул учун туман хокимига миннатдорчилик билдирди.
BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув Кенгаши раиси Б.Маматқулов ўз чиқишида лойиҳанинг тарихи хусусида тўхталиб ўтар экан, мазкур лойиҳа қарийб 6 ой давомида муҳокама қилинганлигини, Италиялик ҳамкорлар билан дастлаб 2019 йилнинг 11 декабрь куни Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум, жорий йилнинг 25 февраль куни Ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги инвестициявий Шартнома имзоланганлигини таъкидлади.
Мазкур лойиҳани амалга ошишида юртимизнинг Италиядаги элчихонасининг яқиндан ёрдамига алоҳида эътибор қаратди. Б. Маматқуловнинг таъкидлаганидек, томонларнинг келишувлари бир қатор чора-тадбирларни ўз ичига олади:
- заъфарон экиш, етиштириш, йиғиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш;
- заъфаронни техник, тиббий ва бошқа мақсадларда қайта ишлаш учун ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
- профессионал агроном ва технологларни жалб этиш;
- маҳсулот сифатини аниқлаш учун илмий-инновацион лабораториясини ташкил этиш;
- тайёр маҳсулотларни Италия ва Европа бозорларига экспорт қилиш.
Лойиҳани амалга ошириш ҳудуд иқтисодиётини, экспорт салоҳиятини ошириб қолмай балки туризм соҳасини ҳам ривожлантиришга туртки бўлишини таъкидлаб ўтди.
BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув Кенгаши раисининг маслаҳатчиси Т.К. Қўзиев лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги улкан ўринга эканлигини таъкидлаб, илиқ ва самимий қабул учун туман хокимига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Куннинг иккинчи ярмида Паоло Де Анжелис бошчилигидаги делегация аъзолари бевосита лойиҳа амалга ошириладиган ҳудуд билан яқиндан танишиш учун дала майдонларига боришди. Ер майдонларини кўздан кечирар экан, Паоло Де Анжелис Бахмал туманида заъфарон етиштириш учун танланган ер майдони маҳсулотни етиштириш учун тупроқ-иқлим шароити тўлиқ мос бўлиб, уни ушбу ҳудудда етиштириш имкониятлари катта эканлигини таъкидлади.
Ташриф сўнгида эса, томонлар бир-бирига ҳурмат ва самимий меҳмондўстлик қабули учун миннатдорчилик билдирдилар ҳамда ташрифнинг ушбу куни жуда самарали ўтганлигини алоҳида таъкидладилар.
Шундан сўнг, BMB-OPERA ZAFFERANO Ўзбекистон-Италия Қўшма корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилди. Бахмал тумани Давлат хизматлари маркази раҳбари М. Рахматуллаев тантанали равишда Қўшма корхонанинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги Гувоҳномани топширди.