×

Yangiliklar

BMB TRADE GROUP ВА ИТАЛИЯНИНГ OPERA SRL КОМПАНИЯЛАРИ ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИДА ЗАЪФАРОН ЕТИШТИРИШ ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШМОҚДА

BMB Trade Group компанияси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири - Европа бозорларига чиқиш учун Ўзбекистонда экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун хорижий инвестицияларни жалб қилишдан иборатдир.

Жорий йилнинг 24 февраль куни Ўзбекистоннинг Италиядаги Ломбардия Фахрий Консули ва OPERA SRL компанияси Президенти Паоло Де Анжелис бошчилигидаги делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Ташрифдан асосий мақсад икки компания ўртасида имзоланган Ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумга асосан Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳудудида заъфарон етиштиришни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда лойиҳани амалга ошириш мақсадида Инвестициявий шартнома имзолашдан иборат.
Шу куннинг ўзида BMB Trade Group компанияси ва Италиянинг OPERA SRL компанияси вакиллари Ўзбекистон республикаси Бош вазири маслаҳатчиси Н.Отажонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раҳбарияти билан Жиззах вилоятининг Бахмал туманида заъфарон етиштириш бўйича инвестициявий лойиҳани амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказди.
Мазкур музокараларда OPERA SRL компанияси Президенти Паоло Де Анжелис, компания эксперти Анка Мариа Ванеа, компания Бош мухандиси Паоло Монгуззидан иборат делегациясига BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов бошчилигидаги компания вакиллари ҳамроҳлик қилишди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Нодир Отажонов мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилганини тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтди.
Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳудудидаги 400 гектар ер майдонида заъфарон етиштиришга қаратилган 20 млн. Евро қийматидаги қўшма лойиҳа, шунингдек тайёр маҳсулотни Италияга кафолатланган экспорти хусусида Б.Маматқуловнинг маълумотларидан сўнг Н.Отажонов италия технологияси асосида Жиззах вилоятида заъфарон етиштириш ва қадоқлаш, вилоятда қўшимча ишчи ўринлари яратадиган ноёб лойиҳа экани алоҳида таъкидланди. Жумладан, ҳосил даврида иштирок этадиган 20 мингдан ошиқ ишчилар италиялик мутахассислар томонидан олдиндан тайёрланади.
Италиялик мутахассисларнинг таъкидлашича, жаҳон заъфарон бозори айни пайтда пазандачилик, фармацевтика ва парфюмерия эҳтиёжларини қондиришга қаратилган. Заъфароннинг Италия бозоридаги нархи бир килограмм учун 8 мингдан 30 минг еврогача ташкил этади.
Дунёда заъфароннинг 85 га яқин тури кенг тарқалган бўлиб, фақатгина Crocus sativus тури қимматбаҳолиги ва дориворлиги билан ажралиб туради.
Бугунги кунда заъфарон Эрон, Туркия, Озарбойжон, Италия, Испания, Ҳиндистон, Афғонистон каби ўн бешдан ортиқ мамлакатда етиштирилади.
Олиб борилган тадқиқотларнинг кўрсатишича, заъфарон Бахмал тумани тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мос бўлиб, уни ушбу ҳудудда етиштириш имконияти мавжуд.
Шунингдек, Н. Отажонов ташаббуси билан томонлар италиялик инвестор иштирокида Жиззах ва республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам гилос, олма, шафтоли интенсив боғлар ва сабзавотлар етиштириш учун замонавий иссиқхоналар, агрологистика мажмуалари каби турли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилишди. Ўз навбатида Паоло Де Анжелис италиянинг энг янги технологияларидан фойдаланган ҳолда, экологик тоза қишлоқ хўжалик маҳсулотларни етиштиришда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини таъкидлаб ўтди.
Мазкур учрашувдан сўнг икки компаниялар вакилларини Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов қабул қилиб, амалга ошириладиган заъфарон етиштириш инвестициявий лойиҳаси ССП ва Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги Фавқулодда ва Муҳтор элчиси Отабек Акбаровнинг саъй-ҳаракатлари муҳим ўрин тутганлигини таъкидлади.
А.Икрамов сўзининг давомида Ўзбекистон-Италия муносабатларининг ривожланиш динамикаси, давлатимиз раҳбарининг 2020 йилда режалаштрилаётган Италияга расмий ташрифи, шунингдек, ССП фаолиятининг йўналишлари ҳақида қисқача сўзлаб берди.
Шундан сўнг Ўзбекистон ва Италия томонлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаси батафсил муҳокама қилинди.
Б. Маматқуловнинг таъкидлаганидек, томонларнинг келишувлари бир қатор чора-тадбирларни ўз ичига олади:
- заъфарон (crocus sativus) экиш, етиштириш, йиғиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш;
- заъфаронни техник, тиббий ва бошқа мақсадларда қайта ишлаш учун ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
- профессионал агроном ва технологларни жалб этиш;
- маҳсулот сифатини аниқлаш учун илмий-инновацион лабораториясини ташкил этиш;
- тайёр маҳсулотларни Италия ва Европа бозорларига экспорт қилиш.
А. Икрамов, шунингдек, лойиҳани амалга оширишда Савдо-саноат палатаси тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлаб ўтди. Заъфарон плантациялари атрофида фармацевтика саноатининг алоҳида қайта ишлаш корхоналарини ташкил этишни таклиф қилди. Шунингдек, Италиядан олиб келинадиган катта ҳажмдаги заъфарон туганакларини сертификатлаш масалаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат карантин хизмати билан олдиндан келишиш лозимлиги муҳим аҳамият касб этишини, бундан ташқари, ССП томонидан Хиндистон, Жанубий Корея ва ХХРга заъфарон маҳсулотларини экспорт қилишнинг бошқа йўналишларини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатиш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди.
Учрашув якунида фахрий консул Паоло Де Анжелис ва Бекзод Маматқуловлар А. Икрамов Ўзбекистон-Италия ҳамкорликларини йўлга қўйишда кўрсатган ёрдамлари учун миннатдорчилик билдириб, заъфарон ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича қўшма лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилишига ишонч билдиришди.
Умуман олганда, Италия шафрани туганаклари илк бор айнан Ўзбекистонга олиб келиниб етиштирилиши алоҳида тарихий аҳамиятга эгадир.