×

Yangiliklar

МЎҒУЛИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ЁРДАМЧИСИ ДАНДИИ-ЯДАМА ДАШСАМБУНИНГ КОМПАНИЯГА ТАШРИФИ

2020 йилнинг 20 февраль кунида Мўғулистон Президентининг ёрдамчиси Дандии-Ядама Дашсамбу бошчилигидаги делегацияси BMB Trade Group компаниясига ташриф буюрди, унга Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси раисининг ўринбосари А. Акбаров ҳамроҳлик қилди.

Мўғулистон делегацияси таркибида Мўғулистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги фахрий консули Абдуғафур Рахимов ва Premium Меаt Export Consortium лойиҳаси директори Баяраҳу Лувсандорж ҳам учрашувда иштирок этишди.

Учрашув аввалида компания Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов муҳтарам меҳмон жаноб Дандии-Ядам Дашсамбу ва Мўғулистон делегациясининг бошқа аъзоларини қутлаб, компаниянинг асосий фаолияти ҳамда унинг экспорт имкониятлари,  хорижий компаниялар учун кўрсатилаётган консалтинг хизматлари тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтди.

Шундан сўнг, компаниянинг Халқаро ҳамкорлик, инвестиция лойиҳалари ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Б. Камилов томонидан Хитой, Россия ва италиялик ҳамкорлар билан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Mўғулистон Президентининг ёрдамчиси жаноб Дандии-Ядама Дашсамбу, Mўғулистонда қўй гўшти ҳаддан ташқари кўп ишлаб чиқарилиши сабабли катта миқдордаги қўйларни экспорт қилишни ташкил этиш бўйича давлат лойиҳаси ишлаб чиқилганлигини айтди.

Mўғулистон от ва туялар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради, шунингдек ҳозирги кунда Mўғулистонда қўйларнинг сони
80 миллион бошга етади. Гўштнинг асосий импортчилари эса бу Хитой, Эрон, Вьетнам давлатлари ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда Mўғулистон делегацияси Tуркия, Озарбайжон ва Mарказий Осиё мамлакатларида хизмат сафарини якунламоқда, у ерда давлат идоралари ва хусусий компанияларнинг гўшт маҳсулотларини импортидан манфаатдор бўлган компания вакиллари билан учрашувлар ўтказилмоқда.

Ўз навбатида Баяраҳу Лувсандорж Premium Meat Export Consortsium лойиҳаси концепциясига асосан амалга оширилаётган: Эронга гўшт маҳсулотини етказиб бериш, Қозоғистон ҳудудида эса «Step sheep Inс.» чорвачилик хўжалиги қўшма корхонасини ташкил этиш каби лойиҳалар хусусида сўзлаб берди.

Учрашув давомида томонлар Жиззах вилоятида, йирик наслдор чорвачилик комплексини ҳамда совутгичли омборхоналарни ташкил этиш бўйича қўшма инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шу нуқтаи назардан, компания Бош директорининг ўринбосари A. Шарафутдинов маҳсус индустриал зонасида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ мўғулистонлик сармоядорлар фойдаланиши мумкин бўлган имтиёз ва преференциялар ҳақида гапирди.

Бундан ташқари, Б. Mаматқулов транспорт логистикасини оптималлаштириш ва Mўғулистон бозорига мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни ташкил этиш ва ХХРга кейинчалик реэкспорт қилиш имкониятларини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратди.

Учрашув якунида томонлар Жиззах вилоятининг махсус индустриал зонасида томонлар йирик совутгичли омборхоналарни ташкил этиш ҳамда Ўзбекистондан Mўғулистон ва Хитой давлатларига экспорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича инвестиция лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича дастлабки келишувларга эришдилар.