×

Yangiliklar

Исроил Давлатининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Эдуард Шапиранинг BMB Trade Group компаниясига ташрифи

2020 йилнинг 20 февраль кунида компания офисига BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг таклифига биноан Исроил давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва Мухтор элчиси Э. Шапира ҳамда халқаро ҳамкорлик бўйича “МАШАВ” маркази координатори Юлия Ольховская ташриф буюрди.

Учрашув аввалида Б. Маматқулов ва унинг маслаҳатчиси Турсунали Кузиев Исроил ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш соҳасида амалга ошираётган ишлари, шунингдек, компания фаолияти билан бевосита танишиш учун ажратилган вақт ва эътибор учун муҳтарам меҳмонга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Б. Маматқулов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сиёсатининг конструктивлиги ва очиқлиги туфайли Ўзбекистонда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, илғор хорижий технологиялардан фойдаланган ҳолда ички маҳсулотлар экспортини ривожлантириш учун энг қулай шарт-шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг, компаниянинг Халқаро ҳамкорлик, инвестиция лойиҳалари ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Баҳодир Камилов жаноб Э. Шапира ва Ю.Ольховскаяларни инвестициявий-консалтинг компанияси ва унинг шўъба корхоналарининг асосий фаолияти билан таништирди.

Жумладан, Исроил дипломатик миссияси вакиллари компаниянинг Bay tea (Хитой) компанияси билан амалга оширилаётган - Чой ишлаб чиқаришни ривожлантириш илмий-ишлаб чиқариш маркази, Advantage Central Asia (Франция) компанияси билан ҳамкорликда Францияда таъсис этилган BMB Europe қўшма корхонаси доирасида қуритилган мева ва сабзавот ишлаб чиқариш ҳамда экспортини ташкил этиш, OPERA SRL (Италия) компанияси билан ҳамкорликда Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳудудида шафран етиштириш ва қайта ишлаб экспортга йўналтириш лойиҳалари юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида таништириб ўтилдилар.

Ўз навбатида, жаноб Э. Шапира BMB Trade Group инвестиция ва консалтинг компаниясининг илғор концепциясидан, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишнинг асл ва самарали ёндашувларидан, давлат ҳамда тижорат тузилмалари билан олиб бораётган конструктив мулоқотидан мамнунлигини таъкидлади.

Юксак мартабали меҳмон, шунингдек, Исроил қишлоқ хўжалиги замонавий технологияларини жорий этиш соҳасида Исроил ишбилармон доиралари билан ҳамкорлик қилишнинг алоҳида хусусиятлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди, шунингдек, 2021 йилда Исроилда ташкил этиладиган “Agritech” халқаро кўргазмасида иштирок этиш учун таклиф қилди.

Учрашув сўнггида Э. Шапира таклиф ва қизиқарли суҳбат учун Б.Маматқуловга миннатдорчилик билдириб, ўз навбатида доимий мулоқотни давом эттиришга ва ўзаро манфаатли асосда қўшма инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш ва амалга ошириш учун етакчи Исроил компаниялари билан амалий учрашувларини ташкил этишга ёрдам беришга тайёр эканлигини таъкидлади.