×

Yangiliklar

ГОЛЛАНДИЯНИНГ AGROWTEC GREENHOUSES PROJECTS B.V КОМПАНИЯСИ ВАКИЛИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

Жорий йилнинг 2 декабр куни BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши раиси Б.Маматкулов AgrowTec Greenhouses Projects BV компанияси (Голландия) бош директори Эрик ван дер Клауфни қабул қилди.

Маълумот тариқасида, AgrowTec Greenhouses Projects BV 15 йил мобайнида иссиқхона мажмуаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қуришга ихтисослашган. Асосий эътибор мева-сабзавот экинлари, ўсимликларни етиштиришга қаратилган. Йирик компания иссиқхона ускуналари атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмаган ҳолда, етиштирилган маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаши, шунингдек, барча асосий жараёнларни оптималлаштирувчи ишлаб чиқарувчи сифатида тан олинган.

Ўз навбатида Б.Маматқулов Ўзбекистон ҳудудида компания томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот бериб, келажакдаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда яқин ҳамкорликка тайёр эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, “AgrowTec Greenhouses Projects BV” компанияси бош директори Эрик ван дер Клауф Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, иқтисодиётдаги илғор технологиялар ва ишланмаларни жалб қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижаларини юксак баҳолади. Голландия технологиясига асосланган замонавий иссиқхоналарнинг имконияти ҳақида батафсил маълумот берди. Ойнаванд ва гидропоника усулидаги иссиқхоналарнинг қиёсий хусусиятлари, иқлим муаммолари ечими, ишлаб чиқаришни оптималлаштириш учун иқлим билан боғлиқ янги ечимлар юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, суҳбат чоғида голландиялик тадбиркор Ўзбекистон бозорида ўз мавқеини янада кенгайтириш истагини билдириб, ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.