×

Yangiliklar

ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ ШАРОФ РАШИДОВ ТУМАНИДА "BMB-NRC AGROLOGISTICS" ҚЎШМА КОРХОНАСИНИ ИШГА ТУШИРИШ БЎЙИЧА ИШЛАР ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни BMB Trade Group компанияси Бош директори ўринбосари А.Шарафутдинов ва Бош директорнинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Н.Маматовлар "BMB-NRC AGROLOGISTICS" Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасининг янги тайинланган Бош директори Алексей Белоус билан биргаликда, лойиҳанинг ташкилий масалалари устида бевосита жойида ишлаш мақсадида Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманига ташриф буюришди.

Ташриф мобайнида А.Белоусни дастлаб Шароф Рашидов тумани хокими Махмуд Холбўтаев қабул қилди. Учрашув мобайнида А.Белоус қўшма корхона фаолияти хусусида батафсил ахборот бериб ўтди. Хусусан, мажмуанинг ўзига хос томонларидан бири «ягона дарча» тамойили асосида божхона, банк, логистика, тезкор-лаборатория, фитосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиологик, экологик сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни кўрсатишни таъкидлаб ўтди.

Ўз навбатида туман хокими Жиззах вилоятининг фермер хўжаликларини ривожлантириш доирасида стратегик характерга эга бўладиган, шунингдек, Россия ва бошқа ташқи бозорларга хеч қандай тўсиқсиз ва қийинчиликсиз етказиб беришни таъминлайдиган мазкур объектнинг аҳамиятини юқори баҳолади. Шунингдек, мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавотларнинг Россия Федерацияга экспорти учун Россельхознадзор ташкилоти томонидан талаб этиладиган сертификат ва бошқа ҳужжатлар бевосита мажмуанинг ўзида тақдим этилиши махсулотни тез ва сифатли равишда хорижий харидорларга етказиб беришда муҳим ўрин тутишини мамнунлик билан таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, М.Холбутаев лойиҳани амалга оширишда шахсан ўзи, шунингдек туманнинг масъул муассасалари яқиндан ёрдам кўрсатишга доим тайёр эканлигини билдирди.

Кун давомида А.Белоус, шунингдек, фаолият олиб бориладиган туманнинг мутасадди ташкилотлари раҳбарлари билан учрашди. Мазкур учрашувларда лойиҳани амалга ошириш жараёнида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди. Туман ташкилотлари раҳбарлари лойиҳани тўлиқ қувватлашларини ҳамда барча масалаларни тезкорлик билан ҳал этишга тайёр эканликларини таъкидлашди.

Куннинг иккинчи ярмида, Агрологистика мажмуаси барпо этиладиган ҳудуд кўздан кечирилди. Мазкур ҳудуд атрофи ва йўл инраструктура қулайликлари, зарур бўлган коммуникацияларга (газ, электр энергияси, сув, алоқа) уланиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олиниб объектни лойиҳалашнинг оптимал ечимлари муҳокама қилинди.

Шу куннинг ўзида Ш.Рашидов туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш сохасидаги мавжуд тизимли қувватлар: иссиқхоналар ва музлатиш сиғимлари фаолиятлари билан яқиндан танишиб чиқилди. Мазкур корхоналар раҳбарлари билан келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шуни таъкидлаш лозимки, ташриф мобайнида қўшма корхона фаолиятига оид барча ташкилий ишлар хужжатларини расмийлаштириш ишлари якунига етказилди ҳамда юридик шахс фаолиятини тўлиқ амалга ошириш учун бошқа зарур чора-тадбирлар кўрилди.