×

Yangiliklar

ХИТОЙНИНГ ЙИРИК КОМПАНИЯЛАРИ РАҲБАРЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

Жорий йилнинг 31 октябрь куни BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши Раиси Б.Маматқулов Хитой Халқ Республикасининг йирик CHINA PHOENIX PRESS компанияси Президенти, PHOENIX INTERNATIONAL INVESTMENT HOLDING GROUP компанияси Раиси Сан Ксун, шунингдек, GLOBAL DISTRIBUTION TRANSPORTATION компанияси Президенти У Цинцзелар билан Ўзбек-Хитой савдо уюшмаси раҳбари Чанг Кинг хоним ҳамкорлигида учрашди.

Маълумот учун: PHOENIX INTERNATIONAL INVESTMENT HOLDING GROUP компанияси Хитойнинг энг йирик компанияларидан бири бўлиб, фаолият йўналишлари турли соҳаларни қамраб олади. Улар қаторига “Ақлли шаҳар”лар барпо этиш, турли хилдаги йирик қурилиш-мухандислик объектларини барпо этиш, молиявий ташкилотлар, жамғармалар ва трастлар активларини бошқариш кабилар киради. Холдингнинг диверсифицикацияланган портфели таркибига жамғармалар, акциялар, олтин, юқори фойдали дивидендлар, муддатли депозитлар ва хусусий қўйилмалардан иборат. Бу активлар Гонконг, Сингапур, Малайзия, Буюк Британия, Янги Зеландия ва Австралия каби мамлакатларда диверсификацияланган. Компаниянинг йиллик айланма маблағи бир неча юз миллард АҚШ долларини ташкил этади. GLOBAL DISTRIBUTION TRANSPORTATION компанияси жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ўз филиалларига эга. Дўнёнинг турли чеккаларига юкларда тез ва сифатли етказиб бериш билан бирга экспорт ва импорт масалалари билан ҳам шуғулланади.

Музокара очилишида, Б.Маматқулов Хитойнинг шундай нуфузли компаниялари раҳбарларининг Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳамда юртимизга инвестиция киритишга қизиқишларини юқори баҳолади. Шунингдек, Хитойлик меҳмонларга компаниямиз фаолияти, амалга оширилаётган лойиҳалари хусусида қисқача маълумотлар тақдим этди. Б.Маматқулов Ўзбекистон ва Хитой ўртасида иқтисодиётнинг турли соҳаларида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича улкан салоҳият мавжудлиги алоҳида қайд этиб, бу борада барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёр эканлигини билдирди.

Ўз навбатида Сан Ксун ҳамда У. Цинцзе сўнгги йилларда юртимизда ҳорижий инвесторлар учун бир қатор қулайликлар яратилганлиги хитой тадбиркорлари учун Ўзбекистонда бизнес қилиш жозибадорлигини оширганлигини таъкидлаб ўтишди. Самимий ва дўстона мулоқот чоғида хитойлик тадбиркорлар капитал қурилиш лойиҳалари, инфратузилма лойиҳалари бўйича инвестиция киритишда, шунингдек Марказий Осиё бўйича маркази Ўзбекистонда бўлган Халқаро Транспорт- логистика маркази, Хитой анъанавий медицина маркази ҳамда экспорт-импорт амалиётга мўлжалланган халқаро компания ташкил этиш юзасидан фикрлари билан ўртоқлашишди. Улар Ўзбекистонда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни диққат билан кузатиб бораяпганликларини, мамлакатингмиздаги инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажриба ва инновациялар билан ўртоқлашишга доимо тайёрлигини таъкидлаб ўтишди.

Музокараларда, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликни янада ривожлантириш, шериклик алоқаларини истиқболли ташаббуслар ва лойиҳалар билан бойитиш, янги кооперация шакллари ва механизмларига ўтиш масалалари батафсил муҳокама қилинди. Амалга ошириладиган ўзаро лойиҳалар орқали томонлар Ўзбекистон - Хитой ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини, Ўзбекистондан Хитойга экспорт ҳажмини кўпайтиришга эришиш лозимлигини келишиб олдилар.

Мазкур учрашув анъанавий дўстлик, очиқлик ва ўзаро англашув руҳида ўтди. Учрашув сўнггида томонлар турли соҳаларда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятлари, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини очиш масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.