×

Yangiliklar

ИТАЛИЯНИНГ MARCO POLO CONSULTING КОМПАНИЯСИ ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

Жорий йилнинг 29 октябрь куни BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув Кенгаши Раиси Б.Маматқулов Италиянинг MARCO POLO CONSULTING компанияси Президенти Пьерлуиджи Алузио ҳамда ушбу компаниянинг бизнесни ривожлантириш ва PR департаменти бошлиғи Анна Педерчини билан учрашди. Таъкидлаш лозимки, мазкур учрашув Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Отабек Акбаровнинг саъй-ҳаракатлари туфайли амалга оширилди.

MARCO POLO CONSULTING компанияси халқаро консалтинг компанияси бўлиб, асосий фаолиятини Марказий Осиё, Яқин Шарқ ҳамда Жанубий Америка мамлакатларида олиб боради. Фаолияти мобайнида компания мижозларига Бозорларни тахлил қилиш, Молиявий масалаларда қўллаб-қувватлаш, Ёрдам ва консультация хизматларини тақдим этади.

Учрашувни очар экан, Б.Маматқулов компания ҳамда у томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида тўхталиб ўтди. Хусусан, компаниянинг Жиззах вилояти Бахмал туманида техникавий ва иқтисодий асосларга таянган ҳолда, жаҳон талабларига мос келадиган тизимни йўлга қўйиш ҳамда бевосита Италия технологияси ва замонавий ускуналарини ўрнатиш орқали Жиззах вилоятининг Бахмал туманида олма мевасини қайта ишлаш орқали олма концентрати, пюреси, табиий шарбати ишлаб чиқариш, ички бозорга ва Европа давлатларига экспорт қилишни йўлга қўйиш лойиҳаси бугунги кунда долзарб эканлигини таъкидлаб ўтди. Бахмал тумани ҳудудининг асосий қисми тоғлардан иборат, иқлими олма мевасини етиштириш учун жуда қулай бўлганлиги сабабли туманнинг каттагина қисмини олма боғлари эгаллаганлигини таъкидлади. Олма мевасининг 15-25% экспортга, 40-60 фоизи эса ички бозорда реализация қилинади. Бу эса ўз навбатида олма мевасининг қолган қисмини қайта ишлашга йўналтирилган корхоналарни барпо қилишни тақозо этишини таъкидлади.

Пьерлуиджи Алузио самимий ва дўстона қабул учун миннатдорчилик билдириб, MARCO POLO CONSULTING компанияси Италиянинг дунёда машҳур Catelli Fruit Technologics, EuroSpin каби мева-сабзовотларни қайта ишлаш компанияларига хизмат кўрсатишини таъкидлади. Лойиҳани амалга ошириш борасида Италиянинг соҳага оид компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатишда, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини яратишда, шунингдек, тайёр маҳсулотларини Италия бозорига экспорт қилишда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини мамнунлик билан қайд этди.

Учрашув сўнгида томонлар турли соҳаларда икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш хусусида келишиб, ҳамкорликда олмани қайта ишлаш ва олма шарбатини ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича келишиб олдилар.