×

Yangiliklar

BMB TRADE GROUP КОМПАНИЯСИНИНГ ЎЗБЕК-ҲИНД БИЗНЕС ФОРУМИДА ИШТИРОКИ

Жорий йилнинг 22 октябрь куни BMB Trade Group компанияси Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Б.Камилов ҳамда Маркетинг бўлими Бош менежери А.Муллажонов Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо Вазирлиги, Ўзбекистон ва Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари томонидан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбек-Ҳинд бизнес форумида иштирок этишди.

Анжуманнинг расмий қисми давомида Ўзбекистон ССП раҳбари А. Икромов ва Ҳиндистоннинг 45 компаниясидан иборат делегациясига бошчилик қилиб келган Гужарат штати Бош вазири Вижая Рупани сўзга чиқишиб, Ўзбекистоннинг юқори даражадаги сармоявий жозибадорлиги, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятларини таъкидладилар.

В. Рупани ўз чиқишида сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг инвесторлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасидаги ташаббуслари, қонунчилик доирасида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлари туфайли Ўзбекистонда ишбилармонлик ва инвестиция муҳити жадал суръатларда, изчиллик билан яхшиланаётганини мамнуният билан қайд этди.

Тадбир давомида Инвестициялар ва ташқи савдо Вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси раҳбарлари инвестиция лойиҳалари, қишлоқ  хўжалиги ва туризмни ривожлантириш тенденциялари билан ҳиндистонлик меҳмонларни таништиришди.

Тадбирнинг иккинчи ярмида мавжуд ҳамда режалаштирилаётган инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига бағишланган бизнес-учрашувлар бўлиб ўтди.

Хусусан, иштирокчи компания вакиллари амалга оширилаётган лойиҳалари, экспорт қилишга йўналтирилган етиштирилаётган ҳамда ишлаб чиқараётган хўл ва қуруқ мевалар, шунингдек ҳорижлик ҳамкорларга кўрсатилаётган консалтинг хизматлари хусусида сўзлаб беришди.

Ўз навбатида, «Urmin» компанияси раҳбари З.Мажитья Ўзбекистонда етиштирилаётган органик қишлоқ хўжалиги махсулотларига, дуккакли махсулотларга, шунингдек, қуруқ меваларга, майиз, қуритилган қовун, туршак каби махсулотларга эхтиёж юқори эканлигини таъкидлаб ўтди. Келажакда ушбу махсулотларни Хиндистонга экспорт қилишда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Тадбир сўнгида Ҳиндистон ишбилармон доиралари вакиллари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.