×

Yangiliklar

BMB TRADE GROUP КОМПАНИЯСИ ЎЗБЕКИСТОН-РОССИЯНИНГ BMB-NRC AGROLOGISTICS" ҚЎШМА КОРХОНАСИ» ТАЪСИСЧИСИ БЎЛДИ

Президент Ш.Мирзиёевнинг Республика ҳудудларини янада ривожлантириш бўйича топшириқларини амалга ошириш доирасида 2019 йил январ ойида Жиззах вилоятига ташрифи якунлари бўйича 2019 йил 16 октябр куни Ш.Рашидов туманида "BMB-NRC Agrologistics" Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси ташкил этилди ҳамда тадбиркорлик субектларининг ягона давлат реестрига тегишли ёзув расмийлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, BMB Trade Group ва "Национальная резервная корпорация" йирик холдинг компанияси ўртасида 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қўшма фаолият тўғрисидаги битим 2019 йил 4 сентябрда компания Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва Россиянинг "Национальная резервная корпорация" раҳбари Александр Лебедев томонидан имзоланди.

Компания ушбу лойиҳани ишлаб чиқишда кўрсатилган ёрдам ва кўмаги учун Россия Федерациясидаги Ўзбекистон элчихонасига ўзининг самимий миннатдорчилигини яна бир бор изхор қилади.

Компания сайтида илгари хабар қилинганидек, ушбу қўшма корхона "ягона ойна" тамойили асосида қурилган Агрологистика мажмуасидир.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчиларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, калибрлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш, сақлаш ҳамда сифат сертификатлари, божхона ҳужжатларини расмийлаштириш хизматлари кўзда тутилган.

Агрологистик мажмуаси М-39 магистрал автомобил йўлига, шунингдек, темир йўлга яқинлиги Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мева-сабзавот маҳсулотларини тўғридан-тўғри Россия бозорига энг қисқа вақт ичида жўнатиш имконини беради. 

Умуман олганда, лойиҳанинг амалга оширилиши маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия Федерациясига экспорт қилишни ташкил этиш билан боғлиқ ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг харажатларини сезиларли даражада оптималлаштиради.

"Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" да эришилган натижаларга қарамай, компания хорижий ҳамкорлар билан биргаликда бошқа истиқболли инвестициявий лойиҳаларининг фаоллигини пасайтирмайди. 

P.S. Александр Лебедев - "Национальная резервная корпорация" йирик холдинг компанияси раҳбари, машҳур Лондон босма нашрлари эгаси, жамоат арбоби ва ҳомийси сифатида фаол ижтимоий-иқтисодий, маданий ва хайрия фаолияти билан нафақат Россия, балки хорижий давлатларда ҳам танилган.

"НРК" холдинг компанияси Россиянинг бошқа йирик молиявий-саноат гуруҳларидан фарқли равишда табиий ресурслардан фойда оладиган корҳоналарга қараб қолмай, ўз эътиборини юқори технологиялар орқали ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа корхоналарини молиялаштиришга қаратган.