×

Yangiliklar

ТУРКИЙ ТИЛЛИ ДАВЛАТЛАР САВДО-ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК БИЗНЕС ФОРУМИДА ИШТИРОКИ

Жорий йилнинг 13 октябрь куни “BMB Trade Group” компанияси Кузатув кенгаши раиси Б.Маматқулов ҳамда компания Кузатув кенгаши аъзоси Ф.Каримовлар Боку шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммити доирасида Туркий тилли давлатлар бизнес форумида иштирок этди.

Туркий бирлашган савдо-саноат палаталари томонидан ташкил этилган форумда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Венгриядан масъул вазирлик ва идоралар, савдо-саноат палаталари раҳбарлари, Туркий кенгашга аъзо давлатлар ишбилармон доираларининг 600 га яқин вакиллари иштирок этмоқда.

Бизнес форумда Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар иқтисодиёт, инвестиция ва савдо вазирларининг туркий тилли давлатларда савдо-иқтисодий, ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантириш, савдо, саноат ва тадбиркорлик соҳаларида икки ва кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш масалалари бўйича маърузалари тингланди.

Тадбир мобайнида Б.Маматкулов Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммити доирасидаги бизнес-форумида Озарбайжон Республикаси Тадбиркорлар ташкилотлари Миллий конфедерацияси Президенти Маммад Мусаев (Озарбайджон), “Сервис-Инвест” компанияси президенти Фарид Хасанов (Озарбайджон) ҳамда Туркия савдо палаталар ва товар биржалари уюшмаси президенти Осман Саҳлан (Туркия) билан учрашди. Музокаралар жараёнида Б.Маматқулов Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, иқтисодиёт ва валюта бозорини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўзлаб берди. Шунингдек, компания томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот бериб, келажакдаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда яқин ҳамкорликка тайёр эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, учрашув мобайнида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари, ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.