×

Yangiliklar

VANTAGE INTERNATIONAL CANADA INC. КОМПАНИЯСИ БОШ ДИРЕКТОРИ АШФАҚ ЗАХИД БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ.

Жорий йилнинг 4 октябрь куни BMB Trade Group  компанияси Кузатув Кенгаши Раиси Б.Маматқулов Vantage International Canada Inc. компанияси Бошқарувчи шериги ва Бош директори Ашфақ Захид билан учрашди.

Б.Маматқулов меҳмонни қутлаб, компания томонидан олиб борилаётган ишлар, амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар хусусида батафсил тўхтаб ўтди. Жумладан, компания консалтинг хизматлари орқали Жиззах вилоятида ташкил этилган ва фаолият юритаётган Пахта кластери лойиҳаси, хитойлик инвестор билан ҳамкорликда ташкил этилган “Чой етиштиришни ривожлантириш илмий-ишлаб чиқариш маркази” қўшма корхонаси, аграр соҳада фаолият юритаётган BMB Agro Trade, экспорт ва импорт амалиёти билан шуғулланувчи BMB Export Global шўъба корхоналари фаолиятлари билан таништирди. Шунингдек, бугунги кунда Жиззах вилоятининг Ш.Рашидов туманида россиялик ҳамкорлар билан ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги махсулотларини бирламчи ва чуқур қайта ишлаш, уларни экспортбоп саралаш, калибровкалаш ва қадоқлаш, мева-сабзовот ва гўшт махсулотларини сақлашга мўлжалланган катта сиғимли совуқхоналарни ўзида жамлаган Агрологистика комплекси лойиҳаси хусусида меҳмонга сўзлаб берди.

Ўз навбатида Vantage International Canada Inc. Бошқарувчи шериги ва Бош директори Ашфақ Захид самимий ва дўстона қабул учун миннатдорчилик билдириб, юртимизга бир неча бор ташриф буюрганини, дунёнинг Нью Йорк, Дубай каби йирик шаҳарлари қаторида Тошкент шаҳрида ҳам компаниянинг ваколатхонаси борлигини таъкидлаб ўтди. Компаниянинг фаолият йўналишлари кенг бўлиб, фармацевтика, туризм каби йўналишларидан ташқари қишлоқ хўжалиги махсулотларини экспорт қилиш билан ҳам шуғулланади.

А.Захид серқуёш Ўзбекистон заминида етиштирилган сархил сабзавот-мевалар ҳамда ўзининг табиийлиги, бетакрор таъми билан донг таратган қуруқ мева-резаворлар, бутун дунёда ўз харидорига эгалиги ҳамда бу маҳсулотларга талаб катта эканлигини таъкидлади. Шунинг учун, келажакда мазкур маҳсулотларни Дубайга ва у орқали Африка мамлакатларига экспорт қилишга қизиқиши борлигини ҳамда келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув сўнгида томонлар келажакда қишлоқ хўжалиги махсулотлари қуруқ меваларни экспортини амалга оширишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш хусусида келишиб олдилар.