×

Yangiliklar

АГРОЛОГИСТИК МАЖМУАСИНИ БАРПО ЭТИШ БЎЙИЧА РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯ КЕНГАШИ АЪЗОСИ С.ЛИСОВСКИЙ ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Жорий йилнинг 2-октябрь куни BMB TRADE GROUP компанияси таклифига биноан Россия Федерацияси Федерал мажлиси Федерация Кенгаши аъзоси Сергей Лисовский Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Делегацияни Жиззах вилояти хоким ўринбосари А.Ахмедходжаев, Ш.Рашидов тумани ҳокими З.Т.Мирзаев ва туманнинг бошқа мутасадди ҳодимлари илиқ кутиб олиб, замонавий Агрологистик мажмуасини барпо этиш лойиҳаси бўйича амалга ошириладиган ишларни муҳокама қилиш ва қурилиши режалаштирилган худуд атрофи ва йўл инфраструктура қулайликларини кўздан кечириш мақсадида йўл олишди.

Учрашув мобайнида, ҳудудда экспортбоп ва экологик соф қишлоқ хўжалик махсулотларини етиштириш, замонавий технологиялар асосида етиштирилган ва бирламчи ҳамда чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги махсулотларини экспортини амалга ошириш, уларни тез ва сифатли равишда етказиб бериш тизимини ташкил этишда муҳим ўрин тутадиган агрологистика мажмуасини қуриш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳақида муҳокамалар олиб борилди.

Ташриф давомида Ш.Рашидов туман ҳокими З.Мирзаев юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонун йўли билан кенг кўламдаги имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар тизими, инвестицион иқлим ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек туманнинг иқтисодий потенциали ҳамда ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги тизими, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича тўлиқ маълумотлар бериб ўтди.

Музокаралар давомида С.Лисовский Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотларни экспорт қилиш жараёнида логистика, тезкор-лаборатория, фитосанитар, санитар-эпидемиологик, экологик, сертификатлаштиришни бевосита мажмуада амалга ошириш, ажратилган ер майдонининг логистик ва транспорт учун қулайлиги, зарур бўлган коммуникациялар мавжудлиги масалалари борасида ўз фикраларини айтиб ўтди.

Учрашув давомида Б.Маматқулов лойиҳани амалга ошириш учун 40 гектар ажратилганлигини, мазкур ҳудуд логистика жихатидан қулайлик мавжудлиги, туманда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги махсулотлари мўллиги, қўшимча равишда қулай географик ҳудудда жойлашганлиги, Ш.Рашидов тумани бошқа вилоятлар билан ҳудудий яқинлиги ушбу ҳудудларда етиштирилган мева-сабзовотларини ҳам қабул қилиш имкониятини беришини таъкидлаб ўтди.

Ташриф дастурига кўра, куннинг иккинчи ярмида вилояти ҳокимлигининг анжуманлар залида мартабали меҳмон Жиззах вилояти ҳокими Э.Салиев томонидан қабул қилинди.

Музокара давомида, Э.Салиев мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, хорижий инвесторларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, тақдим этилаётган имтиёз ва кафолатлар, инвестицион муҳитини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар борасида сўзлаб .

Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг иқтисодий потенциали ҳамда ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги тизими, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича тўлиқ маълумотларни бериб ўтди. Россия инвестицияси ҳисобига барпо этиладиган Агрологистика мажмуасининг ўзида фитосанитар ва карантин рухсатномаларнинг тақдим қилиниши, деҳқонларимиз ва фермерлар томонидан етиштирилаётган маҳсулотларни тез ва сифатли равишда Россия бозорига етказиб берилишида муҳим ўрин эгаллашини таъкидлаб ўтди.

С.Лисовский самимий ва дўстона қабул учун миннатдорчилик билдириб, лойиҳани амалга оширилишида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳақида таъкидлаб ўтди.

Учрашув якунида томонлар келгусида аниқ келишувларга эришиш учун ҳамкорликни ривожлантириш, натижаси бўйича қўшимча музокаралар ўтказишга келишиб олдилар.