×

Yangiliklar

ФОНДИ ШАҲРИДА САВДО УЙИ ТАШКИЛ ЭТИШ БЎЙИЧА УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ

2019 йилнинг 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги Фавқулодда ва Муҳтор элчиси Отабек Акбаров ташаббуси билан «BMB Trade Group» компанияси Кузатув Кенгаши раиси Б.Маматкулов ва таъсисчиси М.Дадажонов Италиянинг Фонди шаҳрида жойлашган энг замонавий “MOF” Агрологистика марказига ташриф буюришди. Агрологистика маркази бош директори Sergio Giorgio меҳмонларни илиқ кутиб олди ва мажмуанинг ишлаб чиқариш зонасини намоиш этди.

“MOF” Агрологистика мажмуаси йилига 1 млрд АҚШ доллар қийматли маҳсулот айланмаси билан Европанинг йирик Агрологистика корҳоналар сафидан жой олган. Италиянинг мева ва сабзавотларни қайта ишлаш учун қулай бўлган масканида, Рим ва Неаполь шаҳарлари оралиғида жойлашган.

Ушбу масканда кўплаб хўл ва қуритилган мева ва сабзавотларни калибрлаш, саралаш, қадоқлаш, тўплаш ва етказиб бериш корхоналари фаолият юритади. Шунингдек, Шимолий ва Жанубий Европани боғлаб турадиган логистика платформаси хисобланган Фонди мева-сабзавот бозори Италия йирик мегаполисларини, шунингдек Ўрта ер денгизи ҳавзаси мамлакатларини мева-сабзавот махсулотлари билан таъминлаш бўйича стратегик тижорий тизимга эга бўлган савдо мажмуаси ҳисобланади.

Мажмуа 335 гектар майдонда жойлашган бўлиб, унинг таркибига 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари киради, 3000 га яқин маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ўзида жамлаган 10 та йирик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш корпорациялари махсулотни сақлаш, қайта ишлаш бўйича замонавий технологик ускуналарда хизмат кўрсатади.

Учрашув мобайнида O.Акбаров Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳатлар, мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти юксалиб бораётгани ҳамда юртимиздаги хўл ва қуритилган мева ва сабзовот маҳсулотлари жахон бозорида кенг ўрин олгани ҳақида батафсил гапириб ўтди. Шу ўринда, “Савдо уйи” ташкил этиш бўйича таклифларни билдирди ҳамда ушбу Савдо уйи “MOF” ва BMB Trade Group компаниялари ўртасида иқтисодий муносабатлар истиқболида муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.

Шундан сўнг, Б.Маматкулов компаниянинг фаолияти, ҳозирда амалга ошираётган лойиҳалар ҳақида батафсил таништириб, “MOF” Агрологистика мажмуаси томонидан ҳамкорликни йўлга қўйишни, жумладан мамлакатимизда етиштирилган, юқори сифатли мева ва сабзавотларни Ўзбекистондаги Агрологистика орқали Италия давлатига экспорт қилиш таклифини олдинга сурди.

Учрашув сўнгида томонлар ўзаро ҳамкорлик қилишни келишиб олдилар, сўнгра бир-бирларига ҳурмат ва самимий меҳмондўстлик қабули учун миннатдорчилик билдирдилар.