×

Yangiliklar

САЛОНИКИДАГИ УЧРАШУВЛАР

Хабарингиз бор, BMB Trade Group компанияси вакиллари Европа мамлакатларига амалга оширилган ташрифини Грециядан бошлашди.
18 сентябрь куни делегация аъзолари Грециянинг иккинчи йирик ва иқтисодий жихатдан муҳим шаҳри, йирик саноат ва тижорат маркази Солоникишаҳрига ташриф буюришди. Ушбу шаҳарда Болқон ярим оролидаги энг йирик Аристотель университети, Македония аэропорти, шунингдек ўзининг иқтисодий аҳамиятига кўра Пирейдан кейин иккинчи ўринни эгаллаган йирик порт жойлашган. Салоники шаҳри ҳудудида нефтб-кимё, металлургия, электротехника, кемасозлик ҳамда кема таъмирлаш саноатлари жойлашган. Салоники мамлакатнинг тўқимачилик саноатининг маркази ҳисобланади, шунингдек кўплаб фармацевтика, тамаки ва озиқ-овқат корхоналари мавжуд.

Ўзбекистон Республикасининг Афинадаги Бош Консули О.Касимовнинг ташаббуси билан BMB Trade Group компанияси вакиллари Грециянинг Ларисса шаҳрида жойлашган Techno Plastica Hellas компанияси директори Avitabile Roberto билан навбатдаги бизнес учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув бевосита компаниянинг ишлаб чиқариш корхонасига ташриф билан бошланди. Ушбу ерда ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишдилар. Мазкур йирик инновацион компаниянинг замонавий технологиялар билан жихозланган корхонасида ишлаб чиқарилган пластик қутилар, қадоқлаш материаллари, барреллар, турли ўлчам ва рангдаги паллетлар нафақат Грецияда, балки бошқа мамлакатларда ҳам юксак талабга эга.

Музокара жараёнида Б.Маматқулов бугунги кунда мамлакатимиздаги қулай инвестиция муҳити шакллантирилганлиги, энг илғор халқаро тажрибалар асосида ҳорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларининг мустаҳкам қонунчилик базаси, шунингдек, чет эл капитали иштирокида ташкил этилган корҳоналар учун имтиёз ва преференциялар тизими яратилганлиги ҳақида сўзлаб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида компания томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот бериб, келажакдаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда яқин ҳамкорликка тайёр эканлигини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, тўғридан-тўғри Греция компанияси инвестицияларини мамлакатимиз иқтисодиётига жалб этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини батафсил муҳокама қилдилар. 2019 йилнинг октябрь ойида инвестиция киритиладиган соҳаларни аниқлаш, тадбиркорлар, хусусан хорижий инвесторлар учун юртимизда яратилган шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида “Techno Plastica Hellas” компанияси раҳбариятининг мамлакатимизга ташрифи юзасидан келишувга эришилди.

Куннинг ярмига келиб Грециянинг Салоники шаҳрида жойлашган машхур “Del Monte Hellas Sa Del Monte” корҳонаси вакили Rozanna билан учрашув бўлиб ўтди.

Ушбу компания замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотлари хусусан, лукум, мураббо, асал, хантал ва кетчуп маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишга ихтисослашган корҳона ҳисобланади.

Музокаралар давомида “BMB Trade Group” компанияси билан ҳамкорликда Европага экспорт қилишда техникавий ва иқтисодий асосларга таянган ҳолда, жахон талабига мос келадиган тизимни йўлга қўйиш ҳамда бевосита Греция томонидан инвестиция жалб қилиш орқали қўшма лойиҳа фаолиятини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришди.

Музокара сўнгида томонлар учрашув дўстона ва амалий руҳда ўтганлигини таъкидлашди.

Кун давомида Солоникининг Фрагон шаҳарчасида жойлашган NitroFarm SA корҳонасига ташриф буюрилди. Меҳмонларни корҳонанинг раҳбари, Австралиянинг Юнонистондаги Фахрий Консули Kyrgidou Constantina илиқ кутиб олди.

NitroFarm S.A. компанияси 1976 йилда Kyrgidou Constantinaнинг отаси томонидан ташкил топган бўлиб, ҳозирда эса халқаро ҳамда бутун дунё агрокимё бозорида ўз ўрнига эгадир. Ушбу корҳона қишлоқ хўжалиги экинлари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ўғитлар, уруғлар ва кимёвий моддаларни ишлаб чиқарувчи нуфузли компания ҳисобланади.

Музокара давомида мамлакатимизда хорижий сармоядорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан таништирилди.

Учрашувни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш шунингдек томонлар ўртасида янги қўшма лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилишдир.

Ташриф давомида, Бош Консул О.Касимов ташаббуси билан Грециянинг қишлоқ хўжалиги ерларини сунъий ёмғир, томчилатиб ҳамда гидропоника усулида суғориш тизимлари учун энг сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи йирик Palaplast компаниясинингБош директори Vasilis Tsalpatours билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур учрашув ҳам бевосита компаниянинг ишлаб чиқариш майдонларида бўлиб ўтди. Мазкур корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кенг қамровли бўлиб, улар қаторига қувурлар, томчилатиб суғориш қувурлари, мослашувчан шланглар, боғ учун шланглар, иссиқхоналарни иситиш қувурлари, шу билан бирга микро-арматура, ҳар хил турдаги қулфлар, фильтрлар киради. Компания томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Европа, Жанубий Америка ва Яқин Шарқнинг 70 дан зиёд мамлакатларига экспорт қилинади.

Музокаралар давомида томонлар ўзининг юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари чекланганлик шароитида кам сув сарфлаб барқарор юқори ҳосил олиш имконини берадиган томчилатиб, сунъий ёмғир усулида суғориш тизимини юртимизда барпо этиш бўйича келишувга эришишди. Ушбу технологиянинг афзаллик жиҳати шундаки, мазкур суғориш усулида тупроқнинг намлиги ва уни яратиш учун берилаётган сув миқдори бошқарилади, сув ҳар бир экиннинг маълум даврдаги эҳтиёжига мос равишда дала бўйлаб бир текисда тақсимланади. Бошқа суғориш усулларидан фарқли ўлароқ, экиннинг илдизи ривожланадиган тупроқ қатламида ўсимлик учун мақбул бўлган сув-физик муҳит яратилади.