×

Yangiliklar

СПОРТ МИЛЛАТЛАРНИ БИРЛАШТИРАДИ

Мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 июнь куни қабул қилинган “Инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини жадал амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ 3794-сонли қарори ана шу мақсадга қаратилган. Юртимизда инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва самарали ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хорижий давлатларга ташрифлар ва мулоқотлар натижасида қиймати 17 миллиард доллар бўлган 182 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш тўғрисида бирламчи келишувга эришилган.

Хориждан инвесторни жалб этиш, уларни юртимиз иқтисодиётига пул сарфлашга, фойда олишга ишонтириш – осон иш эмас. Бу борада Давлатимиз раҳбари ва Ҳукумат томонидан улкан ишлар олиб бормоқда. Компаниямиз ҳам мазкур сиёсатни қўллаб-қувватлаган холда, бевосита тўғридан- тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш юзасидан бир қатор амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Жумладан, АҚШ, Россия, Беларус ва бошқа мамлакатлар ишбилармон ва тадбиркорларининг маблағлари иқтисодиётимизнинг турли соҳаларига жалб этилди.

Юртбошимиз томонидан қўйилган ана шу долзарб масалаларда фаол иштирок этиш мақсадида BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув Кенгаши раиси Б.Маматқулов бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 18-20 август кунлари Шимолий Осетия Республикасига сафари чоғида бир қатор амалий музокаралар ўтказди.

Жумладан, сафар чоғида, компания Кузатув Кенгаши раиси Б.Маматқулов, Кузатув Кенгаши раиси маслаҳатчиси Т.Қўзиев, таъсисчилари М.Дадажанов, Б.Яқубов, компания Бош директори М.Асамов ҳамда BMB AGRO TRADE шўъба корхонаси Бош директори А.Маматқуловлар MERCADO GROUP компаниялар гуруҳи фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қулай сармоявий ва ишбилармонлик муҳитни яратиш борасида олиб борилаётган изчил давлат сиёсати Шимолий Осетиялик ишбилармонларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

MERCADO GROUP компаниясининг таъсисчиси Телман Засеев Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлардан келиб чиқиб иқтисиодиётнинг турли соҳаларига инвестиция киритиш истагини билдирди. Музокаралар чоғида эришилган келишувлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шундан келиб чиқиб, келгусида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик алоқаларни янада ривожлантириш, биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олишди.

Сафар чоғида MERCADO GROUP компаниялар гуруҳига тегишли ресторан ва савдо шаҳобчалари фаолияти билан яқиндан танишилди ва ушбу бренд остидаги савдо шаҳобчаларига Ўзбекистонда етиштирилган мева ва сабзавотларни экспортини амалга ошириш, шунингдек Россия ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларида ўз тармоғига эга бўлган VINCENZO бренди остидаги нон ва кондитер махсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда ресторанлар тармоғини Тошкент ва Жиззах шаҳарларида ҳам очишга келишиб олинди.

Шунингдек, делегация аъзолари Шимолий Осетиянинг тарихий обидалари ва диққатга сазовор жойларни томоша қилди.

19 Август, Куннинг иккинчи ярмида, BMB TRADE GROUP ва MERCADO GROUP компаниялар гуруҳи жамоалари ўртасида футбол бўйича халқаро ўртоқлик учрашуви ташкил этилди.

Муросасиз ва қизғин ўтган футбол баҳсида дўстона 11-11 ҳисобда дуранг натижаси қайд этилди, Мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган ушбу футбол мусобақасида 11 та голда 7 тасига Б. Маматқулов муаллифлик қилди, шунингдек Б.Яқубов дублга эришган бўлса, М.Дадажонов ва Ж.Жаббарқуловлар биттадан голга муаллифлик қилишди, натижада дўстлик ғалаба қозонди.

Бу мусобақа орқали икки халқ ўртасидаги дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланиши борасида озгина бўлса ҳам компаниямиз ҳиссаси қўшилди. Ўйин сўнгида мусобақада фаол иштирок этган спортчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Шимолий Осетия футбол жамоаси сафида Атлантадаги Олимпия ўйинлари эркин кураш мусобақалари ғолиби, 3 карра Европа чемпиони Вадим Богиев, “Спартак Алания” футбол клуби ўйинчилари, Футбол бўйича ёшлар ўртасида Россия чемпионлари ҳам иштирок этди.

Шундай қилиб, компаниямиз делегациясининг Шимолий Осетияга ташрифидан кўзланган асосий мақсад – ҳудуднинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш, маҳаллий шериклар билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини муҳокама қилишга эришилди.

Шимолий Осетияга амалга оширилиган сафар самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш борасида янги имкониятларни очиб берди. Якунда томонлар имзолаган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома келажакдаги икки тарафлама манфаатли ҳамкорликка асос бўлиб хизмат қилади.