×

Yangiliklar

ФАРҒОНА ХАЛҚАРО ИНВЕСТИЦИЯ ФОРУМИ-2019

Жорий йилнинг 7 август куни Фарғона вилоятининг инвестиция салоҳиятини намоён этиш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун қулай шароит яратиш ва ишлаб чиқарувчиларнинг миллий кўргазмасини ўтказиш мақсадида ташкил этилган форум давлат инвестициялар қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Халқаро форумда жами 28 мамлакатдан 300га яқин иштирокчи қатнашди. Шунингдек, чет эл дипломатик миссиялари вакиллари жумладан, Бангладеш фавқулодда ва мухтор элчиси Мосуд Моннан, Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистон, Уммон Султонлиги ва Мисрдаги фавқулодда ва мухтор элчилари иштирок этишди.

Инвестицион форумни ўтказишдан кўзланган мақсад – халқаро ишбилармонлик доиралари вакилларини Фарғона вилоятининг иқтисодий – ижтимоий ривожланиш даражаси билан таништириш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш, ҳудудга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишдан иборатдир.

Мазкур форум ишида халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ҳорижий инвестицияларни юртимиз иқтисодиётига жалб қилиш, янги ҳамкорлар билан амалий мулоқот ўтказиш мақсадида BMB Trade Group компанияси Кузатув кенгаши раиси маслаҳатчиси Карим Давлетмендов қатнашди.

Форум ишида хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган ишбилармон ва тадбиркорлар қаторида республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган бизнес вакиллари ҳам иштирок этишди, ҳамда ўзаро музокаралар олиб боришди.

BMB Trade Group компанияси вакили Карим Давлетмендов турли хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган ишбилармон ва тадбиркорлар доираси вакиллари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича фикр алмашди, жумладан Саудия Арабистонининг Trading & Contracting компанияси раҳбари Мустафа Али Мухтар, Уммон Султонлигининг Al Qusaire компанияси Бош директори Абдул Азиз, Хиндистоннинг Fashion factory International компанияси рахбари Варям Капур каби тадбиркорлар шулар жумласидандир.

Учрашувлар якунида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилиш мақсадида BMB Trade Group компаниясининг Тошкентдаги Бош офисида учрашишга келишиб олинди.