×

Yangiliklar

БЕЛАРУС ИШБИЛАРМОНЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларус Республикасига расмий ташрифи доирасида юртимиз ишбилармон доиралари вакилларининг беларуслик шериклар билан амалий алоқалари давом этмоқда.

BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув Кенгаши раиси Б.Маматқулов Ўзбекистон - Беларусь ҳамкорлигини кенгайтиришда муҳим мулоқот майдони, деб баҳоланаётган ушбу форумда Беларуснинг етакчи компания вакиллари билан қатор амалий мулоқотлар ўтказди.

Шундай учрашувлардан бири йўл-қурилиш, коммунал ва қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритувчи Беларуснинг БЛЮМИНГ компанияси Бош директори Александр Кохан билан бўлиб ўтди. Мазкур учрашув бевосита Блюминг компанияси раҳбарияти таклифига асосан ташкил этилди.

БЛЮМИНГ компанияси 1995 йилда ташкил этилган бўлиб, у томонидан ишлаб чиқарилган махсус техникалар Россия, Қозоғистон, Украина, Озарбайжон, Болтиқбўйи давлатлари, Словакия ва Болгарияда эксплуатация қилиб келинмоқда.

Учрашув мобайнида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан, шунингдек қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш амалиётини кенгайтириш ҳамда компания томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникаларини Ўзбекистон бозорига етказиб бериш, умуман, ҳар бир манфаатли соҳада ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Б.Маматқулов бевосита компаниянинг ишлаб чиқариш объектларига бориб ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди.

Шунингдек, Литванинг SILTAS NAMAS компанияси раҳбари Валерий Андрейчик билан учрашувда томонлар паррандачилик соҳасида тухум қадоқлаш махсулотларини ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб боришди. Музокаралар сўнгида томонлар Ўзбекистонда мазкур соҳада ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришдилар.

Беларусь Республикасига амалга оширилган сафар компаниямиз учун самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш борасида янги имкониятларни очиб берди.