×

Yangiliklar

ЎЗБЕКИСТОН-БЕЛАРУСЬ ҲУДУДЛАРАРО ФОРУМИ «МИНТАҚАЛАР ҲАМКОРЛИГИ –ДАВЛАТЛАРАРО МУНОСАБАТЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ»

Жорий йилнинг 30 июль куни Минск шаҳрида Ўзбекистон-Беларусь ҳудудлараро форуми «Минтақалар ҳамкорлиги - давлатлараро муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим омили» мавзуидаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мазкур ялпи мажлисда BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув Кенгаши раиси Б.Маматқулов ҳам иштирок этди. Ушбу тадбирда асосий эътибор мамлакатларимиз ўртасида саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, таълим каби соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига қаратилди.

Парламентлар ва ҳукуматлар аъзолари, йирик компаниялар, ишбилармон доиралар, ҳудудлар вакиллари иштирок этган мажлисда ушбу форум мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги, янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Ҳудудлараро форум майдонида қатор тижорат шартномалари ва битимлар имзолангани минтақалар ўртасидаги мулоқотнинг мазкур платформаси нечоғли самарали эканини яққол намойиш этди.

Кунниг иккинчи ярмида Беларусь давлат филармонияси концерт залида Ўзбекистон маданияти кунларининг тантанали очилиш маросими бўлди. Унда икки мамлакат маданияти ва санъати намояндалари, шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик, ёшлар қатнашди.

Ўзбек ва беларусь халқлари жаҳон маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган. Мамлакатларимизни бошқа соҳалар қатори халқларимизнинг бетакрор маданияти ва санъати ҳам боғлаб туради.

Маросимда икки мамлакат маданият вазирликлари вакиллари сўзга чиқиб, ушбу тадбир ўзаро муштарак маданий алоқаларни мустаҳкамлашда, беларусь халқини ўзбек миллий маданиятининг бебаҳо намуналаридан баҳраманд этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Сокин оқшом Минск бўйлаб ўзбек миллий наволари янгради. Дилтортар қўшиқ ва рақслар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.