×

Yangiliklar

БЕЛАРУСЬ - УЗБЕКИСТОН ХУДУДЛАРИ ФОРУМИДА "BMB TRADE GROUP" КОМПАНИЯСИНИНГ ИШТИРОКИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 2019 йил 31 июль-1 август кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Беларусга ташриф буюрган парламент палаталари аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда тадбиркор ва ишбилармонлар доиралари вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида BMB Trade Group компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ҳам тадбирларда иштирок этмоқда.

Жорий йилнинг 29-июль куни мазкур расмий ташрифга қизғин ҳозирлик кўрилаётган Минск шаҳрининг марказий хиёбонида улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бюсти очилди. Ушбу тадбирда икки мамлакат ҳукуматлари ва парламентлари аъзолари, ишбилармон ва тадбиркорлар, адабиёт, маданият намояндалари, кенг жамоатчилик, ёшлар қатнашди.

Ушбу тадбир икки халқ ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг янги тарихидаги улкан воқеа бўлди. Зеро, Ҳазрат Навоий бюсти Беларусда Шарқ даҳолари ҳурматига бунёд этилган илк ёдгорликдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Навоий фалсафаси турли миллатлар ва элатлар маданияти ва тафаккурини ривожлантиришда беқиёс ўрин тутишини, Президентимиз ташрифи арафасида ўтаётган ушбу маросим ўзбек ва беларусь халқлари ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталари янги босқичга кўтарилаётганини ифода этишини қайд этди.

Ташрифнинг давоми секция йиғилишлари шаклида ўтди. Форум дастурида учта секция ташкил этилган бўлиб, булар Саноат кооперацияси, агросаноат комплекси, шунингдек, гуманитар, ахборот-коммуникация ва илмий соҳалардаги ҳамкорлик масалаларидан иборат.

Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлигини кенгайтиришда муҳим мулоқотида майдони, деб баҳоланаётган ушбу форумда етакчи тармоқлар ва ҳудудлар вакилларини бир даврага жамлаш, шу тариқа қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш амалиётини кенгайтириш, умуман, ҳар бир манфаатли соҳада ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув Кенгаши раиси Б.Маматқулов Агросаноат комплекси ва озиқ овқат хавфсизлиги секциясида иштирок этди. Мазкур секция иши Сеницкий номли маданият марказида бўлиб ўтди. Ушбу сессия аграр соҳага бағишланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш, ўсимликшунослик, селекция, чорвачилик, ветеринария соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Кун якунида Ўзбекистон делегацияси шарафига Беларус Республикаси Миллий Мажлиси номидан расмий қабул ташкиллаштирилди, қабулда Беларус санъат намоёндалари томонидан Республика Саройи биносида концерт дастури ташкил этилди.