×

Yangiliklar

ЮРТИМИЗ ШАҲАРЛАРИДА “CHICKEN HUT” ТОВАР БЕЛГИСИ ОСТИДАГИ ФАСТ-ФУД РЕСТОРАНЛАРИ ОЧИЛАДИ

Маълумки, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ташаббуси ҳамда BMB TRADE GROUP таклифига асосан Chicken Hut товар белгиси остидаги трансмиллий фаст-фуд ресторанлари асосчиларидан бири Хакан Ризван ҳамда Yam group компаниялар гуруҳи асосчиси Аднан Ризванлар ишчи сафар билан мамлакатимизда бўлиб туришибди. Chicken Hut ресторанлари товуқдан тез тайёрланадиган таомлари билан дунёда машҳурдир. Дунё бўйлаб Chicken Hut товар белгиси остида фаст-фуд ресторанлари франшиза (франчайзинг бизнес модели тизими) асосида фаолият юритиб келмоқда. Бундай ресторанлар жаҳон ҳамда МДҲ мамлакатлари шаҳарларида, айниқса Украинада (Украинанинг 14 шаҳрида 21 та ресторан фаолият юритмоқда) машҳур брендга айланган.

Жорий йилнинг 16 июль куни покистонлик ишбилармонлар BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов билан Chicken Hut товар белгиси остидаги фаст-фуд ресторанларини ҳамкорликда ташкил этиш юзасидан музокаралар ўтказишди.

Музокаралар якуни бўйича покистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда Тошкент, Жиззах ва Самарқанд шаҳарларида Chicken Hut товар белгиси остидаги фаст-фуд ресторанлари тармоғини ташкил этишга келишиб олинди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фаст-фуд ресторанлари учун ускуналар, жиҳозлар ва зираворлар Буюк Британия ва АҚШдан олиб келинади. Тайёрланадиган маҳсулотлар мамлакатимизнинг маданиятига мослаштирилади. Тайёрланадиган маҳсулотлар таннархини тушириш ҳамда ҳамёнбоп қилиш мақсадида товуқ гўшти маҳаллий етиштирувчилардан харид қилинади. Фаст-фуд ресторанида ишлайдиган ишчи ходимлар учун махсус ўқув курслари ташкил этилади.

Шу тариқа ушбу франшиза мамлакатимизга янги хизмат турини жорий этилишига, фаст-фуд ресторанлари эса оилавий байрамлар, бизнес учрашувлари, ёшларимизнинг вақтини мароқли ўтказадиган масканга айланади. Энг асосийси овқатлар мазали, нархлар эса ҳамёнбоп бўлади.