×

Yangiliklar

ИСРОИЛЛИК ИШБИЛАРМОНЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Жорий йилнинг 8-11 июль кунлари Исроилнинг “VP GROUP Исроил компаниялари консорсиуми”нинг вице-президенти Бенжамин Эли бошчилигидаги делегация аъзолари BMB TRADE GROUP компанияси таклифига биноан Ўзбекистонга ишчи сафари билан ташриф буюришди.

Ташриф мобайнида делегация аъзоларини 8 июль куни BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов қабул қилди.

Илиқ ва дўстона муҳитда ўтган музокаралар давомида томонлар иқтисодиёт, туризмни ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида икки томонлама ўзаро манфаатдорлик асосида икки томонлама шерикчиликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш учун биргаликда саъй-ҳаракат қилишга розилик билдирдилар. Жумладан, учрашув мобайнида туризм тармоғини ривожлантириш, шу жумладан бугунги кун стандартлари ва талабларига жавоб берадиган замонавий меҳмонхоналар ва шу каби жойлаштириш воситаларини қуриш, замонавий иссиқхоналар барпо этиш бўйича инвестициявий лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташрифнинг иккинчи куни Бенжамин Эли ҳамда Б.Маматқуловлар Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Касимходжаев билан учрашишди.

У.Касимходжаев юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, айнан туризм соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништириб ўтди. Жумладан, халқаро талаб ва стандартларга жавоб берадиган сайёҳлар учун меҳмонхона ва тегишли инфратузилмаларнинг сони ва сифатини жадаллаштириш учун кўплаб имтиёзлар яратишга асос бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.01.2019 йил ПҚ 4095 - сонли «Туризм тармоғини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳусусида тўхталиб ўтди. Мазкур қарор асосида тақдим этиладиган имтиёз ва қулайликлар, хусусан, меҳмонхона қурилиши учун ажратилган эр участкасининг мулк ҳуқуқи сифатида инвесторга сотилиши, 3 ва 4 юлдузли меҳмонхоналар 2022 йилнинг 1 январигача фойдаланишга топширган тақдирда, меҳмонхона тоифаси тасдиқланганидан сўнг инвесторлар янги меҳмонҳона қуриш ва жиҳозлаш ҳаражатларининг бир қисми Давлат бюджети маблағи ҳисобидан қопланиши исроиллик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотди.

Учрашув сўнггида томонлар таъкидлаб ўтилган соҳада ҳамкорлик қилишда, лойиҳаларни амалга оширишда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишга келишиб олишди.

Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари Тошкент вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Одилхон Рустамов билан учрашишди.

Мулоқотда дастлаб исроиллик ишбилармон самимий ва дўстона қабулдан беҳад миннатдорлигини изҳор этди.

Учрашув мобайнида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари мамлакат қишлоқ хўжалигида бир қатор лойиҳаларни жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар, вилоятнинг бу соҳадаги ички имконият ва салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берди ҳамда уларни рўёбга чиқариш йўлида хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик учун зарур барча шароит мавжудлигини билдирди.

Учрашувда иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйишга, хусусан замонавий иссиқҳоналар, туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилишга, тўғридан-тўғри инвестициялар киритиш масалаларига доир таклиф ва мулоҳазалар муҳокама этилиб, дастлабки ташкилий чора-тадбирлар юзасидан келишиб олинди.

Ташриф ва музокаралар якуни бўйича BMB TRADE GROUP компанияси ва “VP GROUP Исроил компаниялари консорсиуми” ўртасида келишилган ташаббусларни амалга ошириш ҳамда икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.