×

Yangiliklar

ФРАНЦИЯНИНГ “LIATECH” КОМПАНИЯСИ ВАКИЛЛАРИ ЎЗБЕКИСТОНГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг Париж шаҳрига 8 – 9-октябр кунларидаги расмий ташрифи жараёнида Франциянинг йирик компаниялари раҳбарлари ва Франция тараққиёт агентлиги раҳбарларини қабул қилган ҳамда инвестицион лойиҳалар билан боғлиқ битимлар имзоланган эди.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 17 январ куни Жиззах вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Элчихонаси билан ҳамкорликда “BMB Trade Group” компанияси Кузатув кенгаши раиси Б.Маматкулов ва Жиззах вилояти делегацияси иштирокида Франциянинг йирик ташкилотлари вакиллари билан учрашув ўтказилган эди. Ташриф мобайнида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси мажлислар залида “LIATECH” компанияси молия ишлари бўйича директор Fillip Vincent билан учрашув бўлиб ўтган эди. Учрашувда Жиззах вилояти Бахмал туманида Европа давлатларига экспорт қилишда техникавий ва иқтисодий асосларга таянган ҳолда, жаҳон талабига мос келадиган тизимни йўлга қўйиш ҳамда бевосита Франция томонидан тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиниши ва бу инвестиция орқали Жиззах вилоятининг Бахмал туманида олма мевасини қайта ишлаш орқали олма шарбати, олма қоқиси, джэм, нектар маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ички бозорга ва Европа давлатларига экспорт қилишни йўлга қўйиш масалалари ҳамда Ўзбекистонга ташриф буюриши ва олма етиштириш боғларини кўздан кечириш истаги борлиги таъкидлаб ўтилган эди.

Келишувларга кўра, жорий йилнинг 19 июнь куни Франциянинг “LIATECH” компаниясининг молия ишлари бўйича директор Филипп Винсент ва бош инженер Джордж Коломбу лар Ўзбекистонга ташриф буюришди.

Меҳмонлар BMB Trade Group компанияси томонидан Тошкент Халқаро аэропортида кутиб олинди ва Жиззах вилоятига йўл олишди.

Ташриф дастурига кўра, куннинг биринчи ярмида Жиззах вилояти ҳокимлигининг анжуманлар залида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши раиси Б.Маматқулов ҳамда вилоят ҳокимлигининг масъул ходимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирни Э.Салиев очиб, у ўз чиқишида Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонун йўли билан кенг кўламдаги имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар тизими, инвестицион иқлим ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар, Жиззах вилоятининг иқтисодий потенциали ҳамда ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги тизими, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича тўлиқ маълумотларни бериб ўтди.

Учрашув сўнгида вилоят ҳокимлиги томонидан меҳмонларга эсдалик совғалар тақдим қилинди.