×

Yangiliklar

ДАСТЛАБКИ ЧОЙ УРУҒЛАРИ УНИБ ЧИҚДИ

Ўзбекистон аҳолиси ҳам дунёда чойни энг кўп истеъмол қиладиган халқлар тоифасидан бўлиб, етакчи ўнталикка киради. Чойга бўлган талабнинг тўлиқ импорт ҳисобига қопланаётгани ҳаммамизга маълум. Шу боис ҳар йили 30 минг тоннага яқин чой импорт қилиниб, бунинг учун 70-80 млн доллар валюта сарфланмоқда. 

Маълумки, юртимизда Ҳукумат қарори билан "BMB Trade Group" МЧЖ, "Bay Tea Group" МЧЖ ва "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ХК таъсисчилигида ташкил этилган «Чой етиштиришни ривожлантириш илмий-ишлаб чиқариш маркази»нинг («Чой Маркази») асосий вазифаси чой уруғлари ва кўчатларини тайёрлашни ташкил қилиш, бу соҳада меҳнат қилаётган фермер хўжаликлари ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, чой етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш ва йирик саноат чой плантацияларини ташкил қилиш ҳисобланади.

Мазкур вазифаларни бажаришда Чой Маркази томонидан ўтган йили тажриба-синов тариқасида Навоий вилояти Навбаҳор туманида чой кўчати етиштириш учун чой уруғлари экилган эди. Мазкур синовдан мақсад юртимизнинг иқлим шароитларига мос келадиган чой навларини танлаб олишдан иборат эди. Экилган 5 хил кўк чой уруғларидан Camelia навли чой уруғи бошқа уруғларга нисбатан унувчанлиги билан ажралиб турди. Ушбу навли чой уруғининг 20% униб чиқди. Бошқа навдаги уруғларнинг униб чиқиш фоизи 10-15% фоизни ташкил этди. Аслида чой уруғининг униб чиқиш фоизи ҳатто Хитойда ҳам 20-30%ни ташкил этади. Униб чиққан уруғнинг очиқ ер майдонида кўкариб кетиш фоизи ҳам ҳудди шундай фоизлигини инобатга олинса чой дарахтини етиштириш нақадар машаққатли экани намоён бўлади. Бир гектардаги чой плантацияси яратиш учун тайёр кўчатларни тайёрлаш учун камида 3-4 йилга кетади.

Ушбу йилнинг апрель ойида яхши ниятлар билан Чой Маркази Сурхондарё филиалида Хитойдан Цзюньшань Иньчжэнь, Билуочун, Хуаншан Маофен, Ци Мен Хунча, Хилонжинг ва Камелия навли кўк чой уруғлари олиб келиб экилди. Бу уруғлар Сурхондарё вилояти Узун туманининг тоғли ҳудудига махсус иссиқхонага экилди. Бугунги кунга келиб уруғлар униб чиқишни бошлади. Фоиз жиҳатидан оладиган бўлсак Camelia навли чой уруғининг униб чиқиши кўпроқни ташкил этмоқда. Мазкур униб чиққан кўчатлар 1 йил мобайнида иссиқхонада парвариш қилинади, шундан сўнг очиқ ер майдонига экилади. Чой бутасидан экилган давридан эътиборан 3-4 йилда чой хом ашёсини олиш мумкин. Чой дарахтидан 25-50 йилгача хосил олиш мумкин бўлади. Гектаридан 18-25 тоннагача тайёр чой маҳсулотини олиш мумкинлигини инобатга оладиган бўлсак, кўчат етиштиришдаги машаққатликлар унитилиб кетади.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тармоқ жадвалига асосан Марказ ходимлари ҳудудларга чиққан ҳолда ажратилиши белгиланган ерларни Хитойлик мутахассислар билан ўрганмоқда. Бугунги кунда Тошкент вилоятининг Паркент ва Бўстонлиқ туманлари ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин туманида чой етиштириш учун ҳудуднинг иқлим ва тупроғининг агрокимёвий ва агрофизикавий таҳлил ишларини олиб боришмоқда.

Шу йилда, таҳлил натижаларидан келиб чиқиб тажриба тариқасида Тошкент вилоятининг тоғли худудларида униб чиққан кўчатларни экиш учун дастлабки синов майдонига чой кўчатлари экилиши режалаштирилган. Дастлабки даврда кўчатлар махсус иссиқхоналарга тажриба тариқасида шу йилнинг куз ойида экилади.

Ушбу синов ва тажрибалардан асосий мақсад республиканинг иқлим ва бошқа шароитларини ҳисобга олган ҳолда чой етиштириш майдонларини аниқлаш, чой етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш ҳамда саноат чой плантацияларини ташкил қилишдир.

Марказ ўз навбатида чой етиштиришга қизиққан фермер ва тадбиркорлар учун чой кўчатларини етказиб беришни бошлайди. Бугунги кунда фермер ва тадбиркорлар чой кўчатларини ҳарид қилиш учун Чой Марказига мурожаат қилишлари мумкин. Чой кўчатларини етказиб бериш билан бирга уларга чойни парваришлаш агротехнологияси тақдим этилади. Бу мақсадларда Марказ томонидан Хитойлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда фермер ва тадбиркорлар учун амалий семинар ташкил этиш режалаштирилмоқда.