×

Yangiliklar

ОЗАРБАЙЖОН КОМПАНИЯСИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

Жорий йилнинг 28 май куни BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Б. Маматқулов ҳамда компания Бош директори М. Асамов юртимизга ташриф буюрган Озарбайжон Республикасининг EURASIA GROUP компанияси директори Шахин Юсифов бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашишди. Мазкур компания Озарбойжоннинг йирик консультацион компанияларидан бири бўлиб мамлакат президенти ҳузуридаги фуқаролар ва ижтимоий инновацияларга хизмат қилувчи ASAN Озарбайжон давлат агентлиги ҳамда йирик Hayat логистика марказини ташкил этилишида муҳим лойиҳаларни амалга оширган.

Учрашув мобайнида компания Кузатув кенгаши раиси Б.Маматқулов компания томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. Хусусан, Жиззах вилоятида хорижий инвесторлар учун яратилган қулайликлар, вилоятнинг иқтисодий потенциали ҳамда ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги тизими, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича батафсил гапириб ўтди. Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш натижасида мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини етиштириш ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, жорий этилаётган янги технологиялар етиштирилаётган маҳсулотлар экспорт ҳажмини ошириш имконини бермоқда. Маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишда эса логистика марказлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли Компания Кузатув кенгаш раиси Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, бирламчи ва чуқур қайта ишлаш, қадоқлаш ҳамда логистика тизимини яратишга қаратилган замонавий агросаноат логистика мажмуасини барпо этиш лойиҳаси бўйича тўхталиб ўтди.

EURASIA GROUP компанияси директори Шахин Юсифов ўз чиқишида логистика соҳасида компаниямиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини, бунинг учун компанияда етарли билим ва тажрибага эга эканлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбир сўнгида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда уларнинг экспортини амалга ошириш мамлакатимиз иқтисодиётининг қишлоқ хўжалиги секторидаги жадал ривожланаётган ва истиқболли йўналишларидан бири эканини инобатга олиб логистика соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишилди.

Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида Озарбайжон Республикасининг EURASIA GROUP компанияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти ва мутасадди ходимлари билан амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан бир қатор учрашувлар ўтказишди.