×

Yangiliklar

АГРОЛОГИСТИК МАЖМУАСИНИ БАРПО ЭТИШ БЎЙИЧА РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ ФЕДЕРАЛ МАЖЛИСИ ФЕДЕРАЦИЯ КЕНГАШИ АЪЗОСИ, ФЕДЕРАЦИЯ КЕНГАШИ АГРАР ВА ОЗИҚ-ОВҚАТ СИЁСАТИ ВА ТАБИАТДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚЎМИТАСИ РАИСИНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ С. ЛИСОВСКИЙ БИЛАН УЧРАШУВ

BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Б.Маматқулов бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 15-18 апрель кунлари Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчиси Б.Асадов ташаббуси билан ташкил этилган Москва шаҳрига ишчи сафари мобайнида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши аъзоси, Федерация Кенгаши Аграр ва озиқ-овқат сиёсати ва табиатдан фойдаланиш қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Сергей Лисовский билан Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани ҳудудида экспортбоп ва экологик соф қишлоқ хўжалик махсулотларини етиштириш, замонавий технологиялар асосида етиштирилган ва бирламчи ҳамда чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги махсулотларини экспортини амалга ошириш, уларни тез ва сифатли равишда етказиб бериш тизимини ташкил этишда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олишганди.

Жорий йилнинг 17-май куни BMB TRADE GROUP компанияси таклифига асосан Россия Федерацияси Федерал мажлиси Федерация Кенгаши аъзоси Сергей Лисовский Жиззах вилояти ҳудудида замонавий Агрологистик мажмуасини барпо этиш лойиҳаси бўйича амалга ошириладиган ишларни муҳокама қилиш учун Тошкент шаҳрига ишчи ташрифини уюштирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ташаббуси билан ташкил этилган лойиҳа муҳокамаси ишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслахатчисининг биринчи ўринбосари Б.Мавлонов, Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев, иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари У. Салимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурдаги Ўсимликлар карантини Давлат инспекцияси бошлиғи И.Эргашев, Жиззах вилояти хокими Э.Салиев, Жиззах вилояти хокими ўринбосари А.Ахмедходжаев, Ш. Рашидов тумани хокими З.Мирзаев, BMB TRADE GROUP Кузатув кенгаши раиси Б.Маматқулов ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этишди.

Мазкур учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари кириш сўзи билан очди. Б.Мавлонов, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев, Жиззах вилояти хокими Э. Салиевлар ўз чиқишларида Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонун йўли билан кенг кўламдаги имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар тизими, инвестицион иқлим ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар, Жиззах вилоятининг иқтисодий потенциали ҳамда ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги тизими, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича тўлиқ маълумот бериб ўтишди.

Учрашув мобайнида қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди, жумладан мажмуада «ягона дарча» тамойили асосида божхона, банк, логистика, тезкор-лаборатория, фитосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиологик, экологик, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни кўрсатишни ташкил этиш, ажратилган ер майдонининг логистик ва транспорт учун қулайлиги, зарур бўлган коммуникациялар мавжудлиги масалалари шулар жумласидандир.

Муҳокамалардан сўнг Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида замонавий Агрологистик мажмуасини яратиш бўйича келишувга эришилди. Келишувга кўра лойиҳани амалга ошириш учун BMB TRADE GROUP компанияси ҳамда Россия компанияси қўшма корхона тузилиши мақсадга мувофиқ деб топилди.

Россия Федерацияси Федерал мажлиси Кенгаши аъзоси С. Лисовский серқуёш Ўзбекистон заминида етиштирилган сархил сабзавот-мевалар ҳамда ўзининг бетакрор таъми билан донг таратган қуритилган мева резаворлар, бутун дунёда ўз харидорига эгалигини, Ўзбекистонда етиштирилаётган маҳсулотларга Россия бозорида ҳам талаб катта эканлигини ҳамда келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув давомида Б.Маматқулов лойиҳани амалга ошириш учун 40 гектар ер майдони 49 йилга Ш. Рашидов тумани хокими қарори асосида ажратилганлигини, мазкур ҳудуд логистика жихатидан қулай Ўзбекистон-Қозоғистон-Қирғизистон худудини бирлаштирувчи М39 трассасида жойлашганлиги, темир йўлнинг мавжудлиги, туманда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги махсулотлари мўллиги, қўшимча равишда қулай географик ҳудудда жойлашган Ш.Рашидов туманининг Ғаллаорол, Зомин, Зарбдор, Зафаробод, Пахтакор ва Фориш туманлари билан чегарадошлиги, Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари билан ҳудудий яқинлиги ушбу ҳудудларда етиштирилган мева-сабзовотларини ҳам қабул қилиш имкониятини беришини таъкидлаб ўтди.

Учрашув сўнгида BMB TRADE GROUP компанияси ҳамда "Россиянинг захира корпорацияси" ўртасида лойиҳани амалга ошириш юзасидан акционерлик Шартномаси имзоланди.