×

Yangiliklar

ПОКИСТОННИНГ ЕТАКЧИ КОМПАНИЯЛАР ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

Жорий йилнинг 3-май куни BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув Кенгаши раиси Б.Маматқулов бошчилигидаги компания вакиллари Покистон Ислом Республикасидан ташриф буюрган тадбиркорлар ва ишбилармонлар доираси вакиллари билан учрашишди.

Унда OFFICE MAX, TERA POWER, Shafcot Internftional, Paramount Pharmaceuticals, SOLUTION BRIGADE, E BEST, FUTURE Tek, PANAZONE, MARKZ TECH Pvt. Ltd каби Покистоннинг 30 га яқин етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Покистон ишбилармон ва тадбиркорлар доираси вакилларининг юртимизга ташрифидан мақсад – Ўзбекистон бозорини ҳар томонлама ўрганиш, тегишли соҳа вакиллари билан музокаралар олиб бориш, хорижлик инвесторлар учун яратилаётган қулай
шарт-шароит ва имтиёзлар билан яқиндан танишиш ҳамда бу орқали яқин келажакда янги инвестиция лойиҳаларини юртимизга татбиқ этишдан иборатдир.

Тадбирда мамлакатлараро савдо-иқтисодий, сармоявий, ижтимоий-гуманитар ҳамкорлик, экспортни тартибга солиш механизмлари ва истиқболли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Учрашувни компания Кузатув кенгаши раиси очиб мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонун йўли билан кенг кўламдаги имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар тизими, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини янада ривожлантириш, инвестицион иқлим ва ишбилармонлик муҳитини яна ҳам яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича, шунингдек компания томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳусусида покистонлик меҳмонларга батафсил маълумот берди. Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар мамлакатимизда тобора кўпроқ чет эл инвесторларини жалб қилаётганлигини, бугунги тадбир иқтисодиётнинг турли йўналишларида ҳамкорлик қилишнинг янги йўлларини топишга, икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Компания Кузатув кенгаши раиси учрашувни жонли ва конструктив мулоқот асосида олиб боришни таклиф қилиб, Покистонлик делегация аъзоларини Ўзбекистонга ташрифи натижасида қандай ишларни амалга оширишни режалаштираётганликлари тўғрисида ўз фикрларини баён қилишларини сўради.

Покистоннинг мебелсозлик соҳасида фаолият юритадиган OFFICE MAX компанияси раҳбари Арслан Афзал ташриф мобайнида мебелсозлик корхоналари махсулотлари билан танишганлигини, юртимизга хориждан импорт қилинаётган мебеллардан сифат жихатидан фарқ қилмайдиган мебелларни ишлаб чиқиш борасида қўшма корхона очишга тайёрлигини таъкидлаб ўтди.

Қурилиш соҳасида фаолият юритувчи TERA POWER компанияси Техник директори Мухаммад Мунир Ўзбекистондаги бунёдкорлик ишларида иштирок этишга тайёрлигини таъкидлаб, дастлабки йилда шартнома асосида қурилиш ишларини олиб бориши кейинчалик эса инвестиция киритишни режалаштираётганлигини маълум қилди.

Яна бир картошка ва манго етиштириш бўйича йирик Shafcot Internftional экспорт импорт компанияси раҳбари Шафиқи Ахмед Аван Ўзбекистон бозорига ушбу маҳсулотларни етказиб бериш учун ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлаб ўтди.

Покистоннинг йирик Paramount Pharmaceuticals фармацевтик компанияси Экспорт бўйича Директор ўрибосари Доктор Иқра Батул Хоним Ўзбекистонда 200 дан ортиқ доривор ўсимлик хом ашёларидан дори-дармонлар олинади. Ушбу Ўсимликларнинг кўпи ўрта аср файласуфлари ва Ибн Сино ўз китобларида тилга олиб ўтилганлигини таъкидлади. Покистон компанияси мазкур доривор ўсимлик ва гиёҳлардан тайёр дори воситалари ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб ўтди.

Учрашув давомида ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритувчи SOLUTION BRIGADE, E BEST ҳамда FUTURE Tek компаниялари, турли хилдаги электр станциялари қурилиши соҳасида фаолият юритадиган PUKHTONYAR компанияси вакиллари Ўзбекистон бозорида ўз хизматларини кўрсатишга тайёрлигига урғу бериб ўтишди.

Учрашув якунида Покистон ишбилармон ва тадбиркорлар доираси вакиллари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, яқин келажакда Ўзбекистон билан турли соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини маълум қилишди.