×

Yangiliklar

ЎЗБЕКИСТОН-ЖАНУБИЙ-КОРЕЯ БИЗНЕС-ФОРУМИДА ИШТИРОКИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин 18 апрел куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

19 апрел куни Тошкент шаҳридаги «Intercontinental» мехмонхонасида Жанубий Корея Республикасидан тадбиркорлар ва ишбилармонлар делегацияси билан (B2B) форматида учрашувлар бўлиб ўтди.

Ушбу учрашувда BMB TRADE GROUP компанияси бош директори М.Асамов ва Маркетинг бўлими бошлиғи О.Мейлиевлар иштирок этишди.

Белгиланган дастурга асосан Жанубий Кореянинг “Kangnong”, “Kafco”, “Dongho Agrimecha”, “Samboo Steel” Co. Ltd компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. 

Учрашув давомида “Kafco компанияси бош директори Сеунг Юнг Ўзбекистонга Кореяда ишлаб чиқарилган ўғитларни экспорт қилиш ва келажакда BMB Trade Group компанияси билан ҳамкорликда юқори сифатли ўғитларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Куннинг иккинчи ярмида эса Dongho Agrimecha компанияси бош директори Ким Жаэ Ли Кореяда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик ускуналарининг афзалликлари хақида атрофлича маълумот бериб ўтди. Келажакда BMB Trade Group компанияси кўмагида Тошкентда дистрибюторлик марказини очишга катта қизиқиши борлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек Samboo Steel Co. Ltd компанияси бош директори Жуэ Ли Ўзбекистонда етиштирилаётган мева ва сабзовотларни қуритиш ҳамда Жанубий Кореяга экспорт қилиш масалаларида BMB Trade Group компанияси билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди. Ушбу учрашувлар натижасида юқорида қайд этилган компаниялар билан хамкорликда ишлашга келишиб олинди.

Шу куннинг ўзида “Ўзэкспомарказ”да Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Мун Чжэ Ин Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес-форумининг очилиш маросимида иштирок этди.

«Ўзэкспомарказ»да ўтказилган форумда икки мамлакат иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари ҳамда етакчи ишбилармонлари иштирок этди. Хусусан, Корея Республикасининг 150 та компания ва ташкилотларидан 350 дан ортиқ вакиллар қатнашди. Компаниялар ва ташкилотлар ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, товарлар етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди. 

Президентимиз Жанубий Корея ишбилармонларини мамлакатимиз иқтисодиётидаги янги имкониятлардан фаол фойдаланишга чақирди.

Ушбу нуфузли форумда BMB Trade Group компанияси бош директори М.Асамов ҳам иштирок этди.