×

Yangiliklar

ЎЗБЕКИСТОН-РОССИЯ БИЗНЕС ФОРУМИДА ИШТИРОКИ

BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Б.Маматқулов бошчилигидаги делегацияси Москва шаҳрига ишчи сафарининг учинчи кунида Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон-Россия бизнес форумида иштирок этди.

Тадбирда икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирок этишди. Мамлакатлараро савдо-иқтисодий, сармоявий, ижтимоий-гуманитар ҳамкорлик, экспортни тартибга солиш механизмлари ва истиқболли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Бизнес форумни Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Б.Асадов очиб, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонун йўли билан кенг кўламдаги имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар тизими, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини янада ривожлантириш, инвестицион иқлим ва ишбилармонлик муҳитини яна ҳам яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича батафсил маълумотлар берди.

Бизнес форумда иштирок этган Жиззах вилоят ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.Ахмедхаджаев Жиззах вилояти салоҳияти бўйича тақдимот ўтказди. Форум иштирокчиларига Жиззах вилояти тўғрисидаги видеоролик намойиш этилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари ҳимояси, ташкил этилган эркин иқтисодий зоналарда чет эллик инвесторлар учун таклиф этилаётган қулайлик ва имтиёзлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди. “Жиззах” ва “Зомин” эркин иқтисодий зоналари ҳудудида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар хусусида форум иштирокчиларига батафсил маълумотлар берилди.

Бизнес форум иштирокчилари икки давлат ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорлик кенгайиб бораётганини алоҳида қайд этди. Давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган учрашув ва мулоқотлари чоғида эришилган келишув, имзоланган битимлар бунда муҳим ўрин тутади.

Тадбир давомида ташкил этилган В2В форматидаги учрашувларда Ўзбекистон ва Россия тадбиркорлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.

Форум якуни бўйича икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.