×

Yangiliklar

“ТВОЙ ДОМ” ГИПЕРМАРКЕТЛАР ТАРМОҒИ ҲАМДА ВЭД АЖ РАҲБАРИЯТИ БИЛАН УЧРАШУВЛАР

BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Б.Маматқулов бошчилигидаги делегациясининг Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрига амалга оширилган ишчи сафарининг иккинчи куни ҳам муҳим учрашувларга бой бўлди. Дастлаб делегация аъзолари КРОКУС АЖ га қарашли “ТВОЙ ДОМ” савдо белгиси остидаги гипермаркетлар тармоғининг Тижорат директори ўринбосари Ж.Зейналов ва Улгуржи савдо бўлими менежери С.Семиглазова билан учрашишди. 1989 йилда ташкил этилган Crocus Group – Россиянинг етакчи ва энг йирик девелопер компанияси ҳисобланади. Лойиҳаларни амалга оширадиган умумий майдони 4 млн. квадрат метрдан ошади. Бугунги кунда мазкур компаниянинг тармоғида олтита гипермаркет мавжуд. Уларнинг 5 таси Москва шаҳри ва вилоятида бўлса, биттаси Воронеж шаҳрида жойлашган. Ушбу лойиҳа дастлаб Россиядаги энг йирик қурилиш материаллари дўкони сифатида бошланди. Ҳозирги кунга келиб бу гипермаркетлар – танловнинг кенглиги бўйича етакчи гипермаркетлардан биридир. Ушбу гипермаркет уй учун, дизайн учун керакли жихозлар, таъмирлаш материаллари, мебел салонлари, оранжерея ва гастроном махсулотларини тақдим этади. Минглаб брендлар ва 300 мингдан ортиқ номдаги товарларни ўзида мужассам этган.

 

Учрашув мобайнида компания Кузатув кенгаши раиси Б.Маматқулов компания фаолияти билан яқиндан таништириб, бевосита компания томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги махсулотларини ва қуритилган мева резаворларни гипермаркетлар тармоғига етказиб бериш хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, компания томонидан етиштирилган ва қайта ишланган махсулотларни, қуритилган резаворлар, шарқ ширинликлари намуналарини КРОКУС СИТИ раҳбариятига тақдим этди.

 

Ўз навбатида КРОКУС АЖ га қарашли “ТВОЙ ДОМ” гипермаркети раҳбарияти тақдим этилган намуналарга юқори баҳо бериб, серқуёш ўлкамизда етиштирилаётган сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда ўзининг бетакрор таъми билан донг таратган қуритилган мева резаворлар, Россия бозорида ўз харидорига эгалигини ва талаб юқори даражада эканлигини таъкидлаб ўтди.

 

Учрашув сўнгида томонлар 10 кундан ичида ташкилий масаларни ҳал қилиш, етказиб бериладиган маҳсулотлар турларини аниқлаштириш, уларнинг етказиб бериш нархларини келишиш мақсадида эксперт учрашувини ўтказишга ҳамда узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувга эришилди.

 

Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш Ассоциацияси “ВЭД” АЖ Президенти П.Селяков билан учрашишди. АЖнинг асосий фаолият турларидан бири “Бозор конъюктурасини ўрганиш” дир. Шунингдек, компания тижорат фаолияти ва менежменти масалалари бўйича маслаҳатлар ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича фаолият кўрсатади. Компания 100 дан ортиқ импортер компанияларига ташқи иқтисодий фаолият масалалари юзасидан ўз хизматларини кўрсатади. Шунингдек, компания Россия таъминотчиларининг савдо бозорларини кенгайтириш, Россия ташқи иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган. Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш Ассоциацияси “ВЭД” АЖ Президенти П.Селяков 2018-йилда “Озарбайжоннинг ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ҳамкори” мукофотига сазовор бўлган.

 

Мазкур учрашув мобайнида мамлакатимиз ҳудудларида Улгуржи тарқатиш (савдо) марказлари (Оптово-распределительные центры) қуриш ишлари юзасидан музокаралар олиб борилди. Жаноб Селяков бу соҳада компаниямиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб ўтди.

 

Учрашув сўнгида томонлар ҳамкорлик юзасидан ҳамда Улгуржи тарқатиш (савдо) марказлари қурилиши юзасидан Протокол қабул қилишга, лойиҳа мухокамаси юзасидан экспертлар учрашуви ўтказишга келишиб олишди.