×

Yangiliklar

РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯ КЕНГАШИ АЪЗОСИ БИЛАН УЧРАШУВ

Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчиси ташаббуси билан BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Б. Маматқулов бошчилигидаги делегациясининг жорий йилнинг 15-18 апрель кунлари Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрига амалга оширилган ишчи сафари мобайнида Россия Федерация Кенгаши аъзоси, Федерация Кенгаши Аграр ва озиқ-овқат сиёсати ва табиатдан фойдаланиш қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Сергей Лисовский билан учрашув бўлиб ўтди.

 

Россия Федерация кенгаши аъзоси С.Лисовский Ўзбекистонлик делегация аъзолари учун расмий қабул ташкил этди. Мазкур учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Б. Асадов, BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Б. Маматқулов, Кузатув кенгаши раиси маслаҳатчиси К.Давлетмендов ҳамда Ф. Каримовлар иштирок этишди.

 

Учрашувни Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси очиб, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонун йўли билан кенг кўламдаги имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар тизими, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини янада ривожлантириш, инвестицион иқлим ва ишбилармонлик муҳитини яна ҳам яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича батафсил маълумотлар берди.

 

BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Б. Маматқулов ташкил этилган учрашув учун Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Б. Асадов ҳамда Россия Федерация Кенгаши аъзоси, Федерация Кенгаши Аграр ва озиқ-овқат сиёсати ва табиатдан фойдаланиш қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Сергей Лисовскийга миннатдорчилик билдириб, компания томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. Хусусан, Жиззах вилоятида хорижий инвесторлар учун яратилган қулайликлар, вилоятнинг иқтисодий потенциали ҳамда ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги тизими, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича батафсил гапириб ўтди. Шунингдек, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, айниқса, мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш жараёнида фермерлик ҳаракати, кластер тизимини шаклланаётганлиги ва агробизнеснинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, жорий этилаётган янги технологиялар етиштирилаётган маҳсулотлар экспорт ҳажмини ошириш имконини бермоқда. Маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишда эса логистика марказлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли Компания Кузатув кенгаш раиси Жиззах вилоятида замонавий агросаноат логистика мажмуасини барпо этиш долзарблигини таъкидлади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, бирламчи ва чуқур қайта ишлаш, қадоқлаш ҳамда логистика тизимини яратишга қаратилган Агрологистика лойиҳасини тақдимот қилди.

 

Россия Федерация Кенгаши аъзоси, Федерация Кенгаши Аграр ва озиқ-овқат сиёсати ва табиатдан фойдаланиш қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Сергей Лисовский ўз чиқишида Россия Федерациясининг барча ҳудудларида Улгуржи тарқатиш (савдо) марказлари (Оптово-распределительный центр) ташкил этиш ташаббуси билан чиққанлиги ва бу Россия Федерацияси ҳукумати томонидан тщлиы қўллаб-қувватланганлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда, жумладан, иқтисодий-ижтимоий, қишлоқ хўжалиги йўналишларида ҳам изчил ривожланиб бораётганини, Россия Федерацияси ҳукумати Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлида қатор тадбирлар амалга оширилаяпганлигига алоҳида урғу бериб ўтди. Бевосита, компания томонидан тақдим этилган Агрологистика мажмуасини барпо этиш лойиҳасини қўллаб-қувватлашини, лойиҳага тегишли бўлган ҳар бир масалани алоҳида муҳокама қилиб, келажакда ушбу соҳада ҳамкорлик қилишга тайёрлигини таъкидлаб ўтди.

 

Тадбир сўнгида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда уларнинг экспортини амалга ошириш мамлакатимиз иқтисодиётининг қишлоқ хўжалиги секторидаги жадал ривожланаётган ва истиқболли йўналишларидан бири эканини инобатга олиб Жиззах вилоятида Агрологистика мажмуасини яратиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишилди.