×

Yangiliklar

“АШАН РИТЕЙЛ РОССИЯ” КОМПАНИЯСИ РАҲБАРИЯТИ БИЛАН УЧРАШУВИ

Жорий йилнинг 15-18 апрель кунлари BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Б. Маматқулов бошчилигидаги делегацияси Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрига ишчи сафар билан ташриф буюришди. Мазкур сафар амалга оширилишида Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси яқиндан ёрдам кўрсатди. Ташриф мобайнида бир қатор муҳим учрашувлар бўлиши кўзда тутилган. Ана шундай, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган учрашувларидан бири мазкур йилнинг 15-апрель куни Москвадаги йирик АШАН супермаркетлари тармоғи раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокаралардир.

 

Мазкур учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Б.Асадов, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси бошқаруви раиси Т. Жалилов ҳамда BMB TRADE GROUP компанияси Кузатув кенгаши раиси Б.Маматқуловлар иштирок этишди. Учрашувни Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулотда ва мухтор элчиси Б. Асадов очиб, иштирокчиларни Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонун йўли билан кенг кўламдаги имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар тизими, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини янада ривожлантириш, инвестицион иқлим ва ишбилармонлик муҳитини яна ҳам яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича батафсил маълумотлар берди. Шунингдек, серқуёш ўлкамизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия бозорига етказиб бериш соҳасида АШАН Ритейл Россия компанияси билан ҳамкорлик қилиш хусусида тўхталиб ўтди.

 

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси бошқаруви раиси Т.Жалилов Ўзбекистон Республикасида етиштирилаётган мева ва сабзовотларни Россия бозорига етказиб бериш, хусусан Россия орқали Европа бозорларига етказиб беришда АШАН Ритейл Россия компанияси билан ҳамқорлик қилиш икки томонлама манфаатли натижаларга олиб келишини таъкидлади.

АШАН Ритейл Россия компанияси Бош директори Франсуа Реми серқуёш Ўзбекистон заминида етиштирилган сархил сабзавот-мевалар ҳамда ўзининг бетакрор таъми билан донг таратган қуритилган мева резаворлар, бутун дунёда ўз харидорига эгалигини, юртимиз мевазор боғлари, бозорлардаги мўл-кўлчилик халқингиз фаровонлиги, юртингиз бойлигининг яққол далилидир деб ўз сўзини бошлади. Ўзбекистонда етиштирилаётган маҳсулотларга АШАН Ритейл Россия компаниясида талаб катта эканлигини ҳамда келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

 

АШАН Ритейл Россия -  Франциянинг Auchan Retail (Auchan Holding таркибига киради) компаниясининг Россиядаги бўлинмасидир. Россия бозорининг етакчиларидан бири АШАН Ритейл Россия–йирик савдо тармоғи, Россия бозорида 2002 йилдан буён фаолият юритиб келади. Бугунги кунга келиб АШАН Ритейл Россия – Россия бозорида тўрт ҳил форматдаги (гипермаркет, суперстор, супермаркет ва дўконлар) 314 та савдо нуқталарига эга. Компанияда 41 мингдан зиёд киши ишлайди. Компания 2015, 2016 ва 2017 йилларда Forbes журналининг версиясига кўра Россиядаги энг йирик хорижий компания деб топилган. 2016 йилда Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси томонидан ўтказилган Олтин Меркурий мусобақаси доирасида савдо тармоғи “Россия бозорида фаолият кўрсатаётган энг яхши хорижий компания” деб топилди. 2017 йилнинг апрель ойида компания International Private Label Show доирасида 4 та мукофотга сазовор бўлган. 2018 йилда компания «Лучшая СТМ года», «Лучший дизайн упаковки СТМ» ва «Лучшая СТМ в среднем сегменте» номинацияларида ғолиб деб топилди.

 

Учрашув сўнгида Ўзбекистонда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги махсулотларини ҳамда қуруқ меваларни Россияга, хусусан АШАН Ритейл Россия компаниясига экспорт қилиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишилди.