×

Yangiliklar

Ҳиндистонлик тадбиркорлар билан учрашув

2019 йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мажлислар залида BMB TRADE GROUP компаниясининг Кузатув кенгаши раиси Б.Маматқулов юртимизда ишчи сафар билан бўлиб турган Хиндистон ишбилармонлар доира вакиллари билан Хиндистон савдо саноат палатаси Халқаро ҳамкорлик департаменти бошлиғи жаноб Нираж, Kamtech Associates Pvt Ltd компанияси Ижрочи директори Ажай К. Гупта, SHALBY Multi-speciality Hospitals тиббиёт компанияси Вице-Президенти Амар Матлани, Neerja Sotwares Pvt.Ltd компанияси раҳбари Навин Кумар Шармалардан иборат таркибда учрашув ўтказди. 
Учрашувни компания Бош директори М.Асамов очиб юртимизда хорижий ишбилармонлар учун яратилган шарт-шароитлар, компания фаолияти ҳамда компания вакиллари билан меҳмонларни таништирди.
 
 
Шундан сўнг компания Кузатув кенгаши раиси Б.Маматқулов икки мамлакат халқлари ўртасида тарихий шаклланган дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч муносабатларига асосланиб, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, илмий- техникавий, маданий ва гуманитар соҳаларда кенг кўламли ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамланиб бориши ҳамда уларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Бевосита мамлакатимиз томонидан инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар билан таништирди. Икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш, икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтириш, янги қўшма корхоналар сонини ҳамда икки томонлама маҳсулот айланмасини ошириш муҳим аҳамият касб этишига алоҳида урғу берди.
 
Хиндистон савдо саноат палатаси Халқаро ҳамкорлик департаменти бошлиғи жаноб Нираж ўз фикрларини билдирар экан икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ўзаро товар айланмаси ошишига, янгидан-янги қўшма корхоналар ташкил этилишига, шунингдек, халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашига хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
 
 
Kamtech Associates Pvt Ltd компанияси Ижрочи директори Ажай К. Гупта компаниясининг иқтисодиётнинг турли йўналишларида фаолият юритишини, асосий йўналишларидан бири қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион технологияларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва консалтинг соҳаларида Хиндистоннинг етакчи компаниялари қаторига киришини таъкидлади. Бу борада компания билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини ва ушбу соҳада етарли тажриба ресурсларга эга эканлигини таъкидлади. Компания Африка, Европа, Осиё ва Яқин шарқ мамлакатларида ўз ваколатхоналарига эга.

 

Neerja Sotwares Pvt.Ltd компанияси раҳбари Навин Кумар Шарма ахборот технологиялари, блокчейн, криптовалюта ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистонда қўшма лойиҳалар амалга оширишга тайёрлигини билдириб ўтди. Ушбу соҳа бўйича Ўзбекистон бозорини ўрганиш ва кейинчалик BMB TRADE GROUP компанияси билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди.

 

Маълумки, Хиндистоннинг тиббиёт соҳасида топ ўнлигига кирувчи SHALBY Multi-speciality Hospitals тиббиёт компаниясига 1994 йилда Гужарат штатининг Ахмадобод шаҳрида асос солинган. 2018 йил якунига кўра 1 миллиондан зиёд жаррохлик операцияларни ўтказган илк ташкилот ҳисобланиб “Гиннес рекордлар” китобига киритилган. Хиндистон бўйлаб кўплаб касалхона тармоқларига эга. Shalby Excellence марказлари кенг кўламдаги спектрларни қамраб олади, улар қаторига неврология ва неврохирургия, умуртқа жарроҳлиги, ортопедия, онкология, кардиология ва минимал инвазив юрак жарроҳлиги, жигар, буйрак трансплантацияси, спорт жароҳати, косметология ва импланталогия, пластик ва реконструктив жарроҳлик, травматология ва бошқалар киради. Мазкур компания Вице-Президенти Амар Матлани тиббиёт соҳасида Ўзбекистон Республикасида консультатив маркази ташкил этиш, Хиндистондан малакали шифокорларни жалб этиш ҳамда жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, шифокорлар малакасини ошириш борасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Қайд этиш лозим, ушбу тадбир ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қўшимча рағбат сифатида хизмат қилади.

 

Тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилиши ва кенгайишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналар сонини ҳамда икки томонлама маҳсулот айланмасини оширишдан иборат. 

 

Учрашув якунида BMB TRADE GROUP компанияси ҳамда Хиндистон Савдо саноат палатаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди ва икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.